Бугуннинг гапи: Ғурбатдан фароғат изламанг ёхуд ўғил-қизингизни нега ёш уйли-жойли қиляпсиз?
- Ҳой, Латофатхон, мактабларингни битираётган эсли-ҳушли қизлардан йўқми? Ўғлимга келин қидиряпман-да.
- Э, опажон. Мен айтмай, сиз эшитманг. Ҳозиргилар анойи эмас. Ўғли ёки қизи мактабни битирмасиданоқ икки қуда келишиб, белги қилиб қўйишяпти-ку. Битирганидан бирданига тўй-да. Ортиқча ташвиш кимга керак? Яна ҳам билмадим...
- Бир суриштириб кўринг-чи?
Оила мустаҳкамлигини таъминлаш учун маҳаллаларда хотин-қизлар масалалари бўйича алоҳида штат ажратилди. Барибир яна ўша гап. “Э, тўхта, сенинг қизинг ёки ўғлинг ҳали ёш, нима қиласан оғримаган бошингни оғритиб”, деб 18-19 ёшли фарзандини уйлаётган ё турмушга бераётган ота-оналарга айта олмайди. Айтганда ҳам ўтадиган қилиб айтолмаяпти. “Фарзанд меники, хоҳласам уйлантираман, хоҳласам қизимни узатаман” дейдиганлари кўпайиб қолган.
Шифокорлар, имом-хатиблар, ФХДЁ бўлими ходимлари шу масалаларни билмайди, деб айта оламизми? Улар ҳаммасидан хабардор. Аслида-чи, маҳалла ходими, имом-хатиб, ФХДЁ ва шифокорлар бунга асло йўл қўйишга ҳаққи йўқ.
Тўғри, ота-она фарзандни тарбиялади, вояга етказди. Бу унинг бурчи. Олдини олиш ўрнига турмушга мажбуран бериш, уйлантириш қонунга зид-ку. Уларнинг ҳам бу учун жавоб бериш вақти келмадимикин? Негаки, бу ҳолатдан икки ёш, жамиятимиз зиён кўряпти. Бу жабрни бир умр тузатишнинг имкони йўқ. Фақат олдини олиш мумкин. Биз нима қиляпмиз, ёши етадими-йўқми, уларни уйлантириб ё турмушга бериб юборяпмиз.
”Ҳой барака топкур, сени ҳали ёшинг етмайди, ҳаётга тайёр эмассан” деб битта-иккитасини қайтариб кўрайлик-чи, бу бошқаларга ибрат бўлар. Лекин биз кўпинча ўзбекчилигимизга боряпмиз.” Қўй, фалончи тўй бошлаб қўйибди, икки ёш бахтли бўлиб кетсин” дея изн бериб юборяпмиз. Афсуски, ана шу бахтли бўлсин, деганлар бугун томошабин...
Ҳусниддин Холдоров.