Булунғур тумани ИИБда сўроқ қилинган шахс нима сабабдан вафот этган?
2019 йил 18 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “ИИБда сўроқ қилинган шахс ўлди. Яқинлари унинг уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда” сарлавҳаси остида тарқалган мақола эълон қилинди.
Мазкур ҳолат ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, 2019 йил 16 ноябрь куни фуқаро Джаббаров Насриддин Қахорович туман ИИБ бошлиғи номига, “О” исмли шахс “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
Ушбу куни соат 13:30 ларда Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Р. 150.000 сўм эвазига Н.Джаббаровга вазни 3,71 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида ушланиб, ёнидан вазни 0,78 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ва тадбирда ишлатилган 150.000 сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Р.га нисбатан айблов эълон қилинган ва “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Дастлабки тергов давомида Н.Джаббаров терговга олиб келинмаган ва жиноят иши юзасидан сўроқ қилинмаганлиги аниқланган.
2019 йил 16 ноябрь куни соат 16:10 ларда Н.Джаббаров Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ хизмат хонасида бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида соғлиғи ёмонлашиб, қон босими кўтарилиши ва юрак хуружи билан тез тиббий ёрдам машинасида Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб борилган ҳамда шу ерда вафот этганлиги маълум бўлган.
Суд тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, Н.Джаббаровнинг танасида тан жароҳатлари аниқланмаганлиги, дастлабки суд тиббий ташхиси – ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, коронарокардиосклероз, юракнинг ишимик касаллиги эканлиги аниқланган.
Ҳозирда Н.Джаббаровнинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Булунғур тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тегишли экспертиза тайинланган.
Мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, терговга қадар текширув якунига кўра, тегишли ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган томонидан тўлиқ ахборот берилишига қадар фуқаролардан, ижтимоий тармоқларда тарқалган асосланмаган маълумотларга ишониб, номақбул изоҳлар беришларидан сақланишлари сўралмоқда.