Булунғур тумани ва Каттақўрғон шаҳри ҳоким ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичи баҳоланмоқда. Нега?

Давлат бошқарувига инновацион бошқарув усулини кенг жалб этиш давлатнинг ортиқча меҳнат ва моддий ресурслари тежалишига, вақтни самарали бошқаришга, давлат фуқаролик хизматчиларининг ўз устида изланиши ва илм олишига имконият яратади.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган дастлабки Мурожаатномасида “Натижадорлик ҳаммамиз учун бош талаб, асосий мезонга айланмоқда”, деб алоҳида таъкидлаган эди.

Бу борада энг кўп қўлланиладиган усул “Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари” (KPI-Key Performance Indicator) ҳисобланади. У давлат фуқаролик хизматчилари томонидан функционал мажбуриятлар ва топшириқларнинг ижро этилиши самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш учун қўлланиладиган ва миқдоран ўлчаш мумкин бўлган баҳолаш индикаторидир.

Бугунги кунда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо 31 давлат томонидан давлат хизматчилари самарадорлигини баҳолашда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тизими жорий этилган.

Макур тизимни юртимизда жорий қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан республикамизнинг 11 та туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими эксперимент тарзда жорий этилган. Яъни, 11 та ҳудудда ҳоким ўринбосарлари фаолияти замонавий мезонлар асосида баҳоланмоқда.

Қайд этиш лозимки, мазкур индикатор синовдан муваффақиятли ўтказилгач, републикамизнинг барча ҳудудларида амалиётга жорий қилинади.

Шу боис Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали томонидан туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизимининг жорий этилишида дастлабки кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда бу бўйича амалий тажрибаларни ошириб бориш чоралари кўрилмоқда. Бу борада Булунғур тумани ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимликларида ҳокимлар ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) асосида баҳолаш тизими жорий этилди.

Ушбу йўналишдаги кўникмаларни мустаҳкамлаш ва амалий тажрибаларни ўртоқлашиш мақсадида Булунғур тумани ва Каттақўрғон  шаҳар ҳокимликларида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолашнинг асосий меъзонлари, ҳозирги кунда ЭМСКни жорий этишдаги муаммолар, ҳоким ўринбосарлари фаолиятини ЭМСК бўйича ҳисоблаш рейтинги ва уларни аниқлаш мезонлари тўғрисида тушунчалар берилди. Ҳоким ўринбосарларининг 2020 йил 9 ой давомида амалга оширган ишларининг ЭМСК бўйича дастлабки рейтинглари маълум қилинди.

Шохруз АЗИМОВ,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори.