Булунғур туманида аҳоли турмушини яхшилаш ва дам олишини ташкил этиш бўйича янги лойиҳалар ишга тушади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2025 йил 11 апрелдаги қарорига асосан Булунғур туманини комплекс ривожлантириш белгиланди ва бу мақсадлар учун 70 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Бунинг учун Булунғур ва Гулистон маҳаллалари, туман марказидаги “Ҳумо” ёшлар сайилгоҳини кенгайтириш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади. Булунғур канали бўйида 25,1 гектар ер майдонида аҳоли учун замонавий дам олиш масканлари ташкил этилади. Тумандаги Булунғур шоҳ, Фозил Йўлдош ҳамда Мустақиллик кўчалари 24/7 режимида тун-у кун ишлайдиган кўчага айлантирилади. Туман марказида Реновация дастури асосида Гулистон ва Булунғур маҳаллаларида 7 та 2 қаватли, 1 та 3 қаватли 90 та якка тартибдаги турар ҳамда 17 та нотурар жойлар ўрнида 22 та (1320 хонадонли) замонавий энергия тежамкор кўп қаватли уйлар қурилади.
Туман ҳокимлиги ва тумандаги ташкилотларни бир бинога жамлаш учун янги бино қурилади ҳамда бўшаган бино ва иншоотларда янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади. Туман марказидаги Сайилгоҳ кўчасида ёшлар кўп тўпланадиган ва аҳоли гавжум бўлган ҳудудда ёшлар микроҳудуди ташкил этилади.
“Туризм қишлоғи” мақоми берилган Эрганакли маҳалласи “Шероз қалъа” ҳамда “Хўжа Ҳофиз Меросий” зиёратгоҳи инфратузилмаси яхшиланади, ободонлаштирилади ва археологик қазилма ишлари олиб борилади.
Бешқўтон маҳалласидан ўтган Булунғур каналидаги 5,2 гектар оролчада аҳоли дам олиш маскани ва меҳмон уйлари ташкил этилади.
Булунғур сув омбори ёнида туризм масканлари ташкил этилади. Сарқипчоқ, Килдон, Кичик Килдон ва Сайилтепа маҳаллаларида экспортбоп нокчиликни ривожлантириш мақсадида 4 та 50 тонналик сақлаш омборлари ташкил этилади. Ғўбдин маҳалласида 9 гектар ер майдонида помидорни қайта ишлаш, музлаткичли омборхона қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилади.