Булунғурдаги мактаб ота-оналар томонидан таъмирландими?! Туман халқ таълими бўлими изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Булунғур туманидаги 15-мактаб ота-оналар томонидан таъмирлангани, бунга директор томонидан топшириқ берилгани таъкидланган маълумот тарқалди.
Булунғур тумани халқ таълими бўлими ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, Булунғур тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларни жорий таъмирлаш учун 216 695 000 сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағга жами 16.470 килограмм краска ва эмулция олиниб, 24-28 май кунлари мактабларга тарқатилди.
Тумандаги 15-мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари О.Рўзобоевга ҳам мактаб таъмири учун ажратилган 150 килограмм краска эмал ва 140 килограмм эмулция етказиб берилди.
ХТБ томонидан барча мактаб директорларига мактаб таъмири учун турли пул йиғимларини ташкил қилмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бу ҳолат Булунғур туманидаги 15-мактабга тегишли эмаслигини маълумот билан бирга эълон қилинган расм ҳам тасдиқлайди. Негаки, мактаб ходимлари ва ўқувчилар орасида бундай исм-фамилиялилар мавжуд эмас. Шунингдек, 3-“Б” синф раҳбари "Г.Тураева" эмас, балки Мавсума Шамсиева.
Келтирилган далиллар ижтимоий тармоқда тарқалган маълумот ва суратнинг нохолис ва ёлғон эканлиги англатади.