Челакдаги кутубхонада қаҳва ичиб, китоб ўқийсиз
- Биз яшайдиган қишлоқ туман маркази Пайариқ шаҳарчасига яқинроқ, - дейди меҳнат фахрийси Муҳаббат Намозова. – Ўқитувчиликдан нафақага чиққанман. Ўзим, фарзандларим ва невараларим учун китоб керак бўлса Пайариқда жойлашган кутубхонага борамиз. Яқинда туманимизнинг Челак шаҳарчасида ҳам ахборот кутубхона маркази очилди.
Шу гап баҳона бўлиб, Челак шаҳарчасига бордик. Кутубхонада бўлганимизда марказ китобхонлар билан гавжум эмас экан. Ўйланиб қолдик: Пайариқдаги кутубхонага қатновчилар бирмунча яхши. Нега замонавий маърифат марказида ўқувчилар кам.
Яна бир гап Пайариқдаги ошхоналарда хўрандалар каму, Челак шаҳарчасидаги емакхоналар одамлар билан гавжум. Қизиғи, кўп ҳолларда бу ердаги кафе, ресторанларда пайариқликларни ҳам “нозик” меҳмонлари билан бирга учратишингиз мумкин. Пайариқдагига нисбатан Челакдаги ошхоналарда шароитлар замонавий, таомлар ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам сифатлироқ бўлса керак-да.
Ҳа, қанийди, одамлар кутубхоналарнинг ҳам замонавийларини танлаб, узоқ йўл босиб бориб, китоб ўқиса...
- Челак шаҳарчаси марказида яқинда фойдаланишга топширилган замонавий маърифат маскани Халқ банки ҳомийлигида бунёд этилди, - дейди ахборот кутубхона маркази раҳбари Шокир Болиев. – Икки қаватли бинонинг қурилиши учун 4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳозирча кутубхонамизга 2 мингдан зиёд бадиий адабиётлар келтирилди. Яна 5 мингдан зиёд китоблар берилиши режалаштирилган. Марказимизга китобхонларимизни кенгроқ жалб қилиш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Аъзоларимиз китобларни ўқиш учун уйига олиб кетиш билан бирга шу ернинг ўзида мутолаа қилиши учун ҳам барча қулайликлар мавжуд. Шунингдек, уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида кафе-барлар ҳам ташкил этилган. Худди замонавий шаҳарлардаги “Book-kafe”ларда ўтиргандек қаҳва ичиб, мутолаа қилиш имкониятлари мавжуд.
Мамлакатимизда кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш учун берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ушбу марказда пуллик компьютер хизматлари кўрсатиш, китоб савдоси ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.