Дания Гренландия мудофааси учун харажатларни оширди, Трампнинг таҳдидларидан сўнг шу қарорга келинган — ОАВ

Олдинроқ Доналд Трамп АҚШ Гренландияни сотиб олиши кераклигини айтган ва ҳатто буни зарурат деб ҳисоблашини билдирганди. Унга жавобан Дания ҳукумати қисқа қилиб "орол сотилмаслиги"ни айтган.

Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати даврида ҳам Гренландияни сотиб олиш таклифини илгари сурган, аммо Дания бунга очиқчасига рад жавобини берган.

Бу Трампнинг бошқа давлатларга нисбатан биринчи ҳудудий даъвоси эмас. АҚШнинг сайланган президенти аввалроқ Панама каналини қайтариб олиш билан таҳдид қилган эди. Шунингдек, Канада ва Мексика АҚШнинг штатларига айланиши кераклигини ҳам айтганди.

Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсеннинг маълум қилишича, мамлакат ҳукумати орол мудаффаси учун камида 1,5 миллиард доллар ажратади.

Унинг сўзларига кўра, бу маблағлар икки янги инспекция кемаси, узоқ масофали учувчисиз учиш аппаратлари ва Гренландиядаги бир фуқаролик аэропортини F-35 қирувчи самолётларини қабул қилиш учун модернизация қилишга сарфланади.