Дарғомда ёшлар ишсизми?
Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчасидаги Дарғом маҳалласи ишсизлар сони, ёшлар томонидан турли жиноятларнинг содир этилиши жиҳатидан шаҳардаги маҳаллалар ўртасида етакчи ўринларда эди. Айниқса, кам таъминланган оилалардаги ижтимоий муаммоларнинг ечимини топиш нафақат маҳалла фаолларининг, балки шаҳар ҳокимлиги учун ҳам бошоғриғи эди. Бугун-чи?
Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари иштирокида хатлов ўтказилиб, маҳалладаги кам таъминланган оилалар, эътибордан четда қолган ёшлар ҳамда хотин-қизлар аниқланди. Бунда адолатсизликка, хатлов жараёнларида ҳеч ким эътибордан четда қолиб кетмаслигига йўл қўйилмади.
Бугунги кунда маҳаллада моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож юздан ортиқ оила «Темир дафтар»га киритилган бўлса, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 229 нафар ишсиз ёшлар «Ёшлар дафтари»да рўйхатга олинган.
- Маҳалламизда 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, - дейди Дарғом маҳалла фуқаролар йиғини раиси Норқул Холиқулов. – Махсус дафтарларга киритиш учун фуқаролар ўртасида маҳалла фаоллари, кўчабошилар, шунингдек, бошқа ташкилотлар вакиллари ёрдамида хатлов ўтказиб, бирорта хонадон, бирорта ёшнинг эътибордан четда қолишига йўл қўйилмади. Сўралганларнинг ижтимоий ҳолати қизиқишлари, қандай иш қўлидан келиши, қандай имкон берилса уни уддалаши ҳисобга олинди. «Ёшлар дафтари»да рўйхатга олинган 17 нафар ишсиз ёш маҳалламизда ташкил этилган мономарказда қайта касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Уч нафари эса Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунар мактабларида тикувчилик, ошпазлик, электрпайвандчилик касбларини эгалламоқда. Тадбиркорлик иштиёқида бўлган икки нафар йигитимизга Халқ банкининг Темирйўл бўлимидан 14 фоизлик имтиёзли кредит олишига ёрдамлашдик. Шунингдек, бир нафари фотосалон очишга қарор қилган бўлса, яна бирига автомашиналарни созлаш устахонаси ташкил этишда ёрдам бердик. Боқувчисини йўқотган, ночор аҳволда яшаётган 2 нафар ёшларимизга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратдик.
Маҳаллада ёшлар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилган. Ўтказилган сўровлар натижалари тўрт сектор фаолиятининг асосий йўналишига айланди. Яъни, маҳалла фаолларидан тортиб, шаҳар сектор раҳбарлари учун ҳам дастур сифатида фойдаланилмоқда.
- Маҳалламизда аҳолини камбағалликдан чиқариш, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш тизими бўйича ижобий тажрибаларини ўрганиш ва улардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти, - дейди маҳалла раисининг хотин-қизлар ва ижтимоий маънавият масалалари бўйича ўринбосари Гулмира Харипова. - Шакллантирилган мазкур рўйхатлар асосида ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак беришга ҳаракат қиляпмиз. «Ёшлар дафтари»га кирган тўрт нафар хотин-қизга тикув машинаси олиб бердик. Беш нафарини эса маҳалламизда фаолият олиб бораётган тикувчилик цехига ишга жойлаштирдик. Шунингдек, оилавий психолог хизмати ва шаҳар адлия бўлими орқали ҳуқуқий маслаҳатлар бепул ташкил қилинмоқда. Дафтарлар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиб келяпмиз.
Бироқ, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларни суиистеъмол қилаётган ёшлар ҳам учраб турибди. «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган М.Азизов оиласи билан маҳалладаги яшаш учун ажратилган уйлардан бирида истиқомат қилади. Қарамоғида кекса онаси, хотини ва фарзанди бўлса-да, бирор жойда ишлашни хоҳламайди.
- Уни бир неча марта «Бумага» МЧЖ ҳамда электр ёриткичлар ишлаб чиқарувчи цехга ишга жойлаб қўйганимизга қарамай, дарров ишдан бўшаб кетди, -дейди маҳалла раиси. – Онасининг пенсияси ва фарзандига берилаётган моддий ёрдам ҳисобидан яшаб келади. Сектор вакиллари билан биргаликда уйига бориб бир неча бор суҳбатлашдик. Ишлашни хоҳламайди.
Йил бошидан буён шаҳар ҳокими ва сектор раҳбари маҳаллага келиб, ёшлар билан учрашув ўтказди ва бу тадбирларда 25 га яқин мурожаат тушди, шундан 12 таси шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Қўшимча муддат талаб қилган мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Дилмурод Тўхтаев.