Давлат бошқарув органларида коррупцион схемаларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилган "Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиши агентлиги хабарига кўра, лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, "Е-Антикоррупция" лойиҳасини тўлиқ ишга тушириш ва бу орқали:
➖давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш;
➖коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш натижалари бўйича ушбу хавф-хатарларни бартараф этиш чораларини тизимли равишда кўриш мақсадида "Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри"ни шакллантириш ва юритиш;
➖коррупциявий хавф-хатарларни қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ва тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали бартараф этиш кўзда тутилган.
Лойиҳа “E-Anticor.uz” электрон платформасида амалга оширилади.
Реестрни шакллантириш ва юритиш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилади ва интернет тармоғида очиқ эълон қилиб борилади.
Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 2022 йил 15 май санасига қадар давом этади.