Давлат, жамоат эҳтиёжига олинган мулк учун, аввало, мулкдорларнинг, кейин депутатларнинг розилиги инобатга олиниши зарур

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш тўққизинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Кун тартибида белгиланган масалалар муҳокамасига ўтишдан аввал Кенгашнинг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ў.Саидмуродов томонидан сессия ишида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга ҳамда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасининг олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилиш бўйича таклиф билдирилди.

Таъкидланишича, давлатимиз раҳбари ўтган йил апрель ойида вилоятга ташрифи давомида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети учун 1000 ва 1500 ўринли иккита ўқув биноси қуриш ташаббуси билан чиққан эди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбони, Термиз ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида жойлашган 35 та турар ва нотурар жой мулкдорларидан ер участкасини давлат, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш юзасидан тақдимот материалларини кўриб чиқиш, мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиш лозим.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 2 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 июлдаги қарорлари ижроси доирасида шаҳардаги Бўстонсарой, Юсуф Ҳамадоний, Улуғ Турсунов кўчалари билан чегараланган ҳудудда халқаро даражадаги меҳмонхона ва савдо маркази қурилиши муносабати билан ҳудуддаги 33 та турар ва нотураржой объектлари мулкдорларидан ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайтариб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак. Бу бўйича барча мулкдорлар билан муҳокамалар ўтказилиб, белгиланган тартибда мулкдорларнинг розилиги олинган.

Иккала масала бўйича қарор лойиҳаси учун овоз берган депутатлар вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорни ҳамда сектор раҳбарларининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил қилиш бўйича “йўл харита”ларини ҳам тасдиқлади.

Солиқ кодексининг 99-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган низомга кўра, вилоят давлат солиқ бошқармасининг мурожаати инобатга олиниб, Самарқанд шаҳридаги "Samarqand yo’lovchi trans" ДК ва “Samarqand new silk road solar” МЧЖга солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича сўрови депутатлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси раҳбари М.Турдиевнинг секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти тингланди.

Маърузачининг таъкидлашича, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан мурожаатлар сони вилоятнинг бешта туман ва шаҳрида камайган. Аммо Оқдарё, Булунғур, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон,  Қўшработ, Нарпай, Пайариқ, Паст Дарғом, Пахтачи, Самарқанд туманларида мурожаатларнинг кўпайганини кузатиш мумкин.

Мурожаатларнинг 8127 таси такрорий бўлиб, ҳудудлар кесимида Самарқанд шаҳрида 1018 тани,  Паст Дарғомда 807 тани, Пайариқда 736 тани ташкил этган.

- Нафақат Халқ қабулхоналари, балки Президентнинг виртуал қабулхонаси ва сайёр қабулларда ҳам такрорий мурожаатлар бўлаётганини кузатяпмиз, - деди Э.Турдимов. - Масалан, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро бир ёки иккита масала юзасидан 968 марта мурожаат қилган.

Бу каби масалаларни ҳар бир сектор раҳбари, керак бўлса, депутат муҳокама қилиши, мурожаатчининг шикояти ўринли бўлса, унга ёрдам бериши, муаммосини ҳал этиши шарт. Ноўрин бўлса, қарор қабул қилиб, асослантирилган тарзда рад этиши, фуқарога мурожаати юзасидан тушунчалар бериши лозим.

Вилоят прокурори Ж.Ҳотамов вилоят прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берар экан, ўтказилган ер хатловларига тўхталди.

- Жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят бўйича 1127 ҳолатда 363 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди, - деди прокурор. - Бугунги кунда ушбу ерларнинг 212,4 гектари қайтарилди. 638 ҳолатда 17,8 гектар ер майдонига фуқаролар ноқонуний қурилиш қилганлиги аниқланиб, 57 ҳолатда 0,6 гектардаги ноқонуний қурилмалар буздирилган. Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларнинг 200 гектари қишлоқ хўжалиги фойдаланувига қайтарилди.

Савдо ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, уларда кўрсатилган хизматлар ҳажмини ҳисоботда тўлиқ акс эттириш, кўчма савдо фаолиятини ташкил этиш, ўзини ўзи банд қилган фуқароларни расмий рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари ва норасмий фаолият кўрсатаётган ишчи ва хизматчиларни расмийлаштириш (легализация) масаласи бўйича вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомов ҳисобот берди.

Бошқарма бошлиғи хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги учун Самарқанд шаҳри, Ургут, Иштихон, Паст Дарғом ва Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекцияларининг 15 нафар масъул ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилгани, хусусий секторда норасмий ёлланма ишчиларни қисқартириш борасида кўрилаётган чораларга қарамасдан, тадбиркорлик субъектларида “конверт” усулида иш ҳақи бериш салмоғи юқорилигича қолаётганига тўхталди.

Шунингдек, депутатлар вилоятда қурилиш соҳасида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Л.Ҳамидовнинг ҳисоботини тинглади. “Тошкент-Самарқанд” темир йўли бўйида жойлашган аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш ва унга туташ ҳудудларни режалаштириш лойиҳалари тасдиқланди. Вилоят молия бош бошқармасининг тегишли хатларига асосан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2022 йилги маҳаллий бюджетнинг белгиланган асосий параметрлари тўғрисида”ги қарори 4-иловасига тегишли ўзгартиришлар киритиш хусусидаги сўрови ҳам муҳокама қилинди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.