Деҳқонобод қишлоқми, шаҳарчами?

- «Кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган ўзгаришлар туфайли чекка ҳудудлардаги қишлоқ ва овуллар обод бўлмоқда. Бу қишлоқларда аҳоли учун ижтимоий соҳа объектлари қуриляпти. Газ, электр, тоза ичимлик сувига бўлган талаб қондириляпти. Йигирма-ўттиз йилдан бери таъмир кўрмаган йўллар, кўчалар асфальт қилиняпти. Аммо бу бизнинг «шаҳарча»мизда умуман акс этмаяпти. Бундан етти йил олдин қишлоғимизнинг шаҳарча мақомини олгани одамларнинг ҳам ёдидан кўтарилиб кетган. Фақат буни солиқчилар асло эсдан чиқаришмайди: ер солиғини шаҳарча типидаги миқдор бўйича тўлаб келяпмиз. Қишлоғимизга келиб, шароитларни ўрганиб, бу ерда ёки шаҳарча талабига мос инфратузилма яратилишига ёки ер солиғи тўловини қишлоқ типидаги миқдорга ўтказилишига кўмак берадиган ташкилот борми?»

Бу Пайариқ туманидаги Деҳқонобод маҳалласи Деҳқонобод қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг таҳририятимизга йўллаган шикоят хатидан кўчирма. Хўш, ростдан ҳам Деҳқонободда шундай ҳолат ҳукмронми ёки бу қишлоқ шаҳарча сифатида обод масканга айлантирилганми? Бу ерда яратилган инфратузилма шаҳарча талабларига нечоғли жавоб беради? Аҳоли қандай шароитда турмуш кечирмоқда? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Деҳқонободга бордик.

Шаҳарча ҳақида қонун нима дейди?

Келинг, дастлаб ушбу қишлоқнинг қандай қилиб шаҳарча типига айлантирилгани ҳақидаги ҳужжатларни кўздан кечирайлик.

Маълум бўлишича, 1996 йил 30 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида “Шаҳарчалар туркумига - саноат корхоналари, қурилишлар, темир йўл станциялари ва бошқа муҳим объектлар яқинида жойлашган ҳамда қоида тариқасида камида икки минг аҳолиси бўлган аҳоли пунктлари киритилиши мумкин”, дейилган.

Ушбу қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилиниб, республикамиз бўйича мингдан ортиқ қишлоқ шаҳарча туркумига киритилган. Бу тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Худди шу тартибда 2013 йилда Пайариқ туманидаги Деҳқонобод, Хўжа Исмоил, Дўстларобод, Халқобод, Томойрот, Қорасув, Гулистон, Тўпалос, Оққўрғон қишлоқлари шаҳар посёлкалари тоифасига киритилган.

Мақоми - шаҳарча, шароити - қишлоқча

Туман ҳокимлиги вакиллари билан Деҳқонободга борганимизда бизни С.Эргашев, Қ.Қудратов, М.Жаналиев, Х.Боймонов каби маҳалла фаоллари қарши олди.

- Қишлоғимизга шаҳарча мақоми берилганига етти йил бўлди, - дейди Сайдулла Эргашев куйиниб. - Шаҳарча бўлса шаҳарча-да, нима бўлибди, дерсиз. Чунки шаҳарча деганимизда кўз олдингизга одамлар учун барча шарт-шароит муҳайё, гўзал бир гўша келади. Шаҳарча бўлгандан кейин, шунга яраша инфратузилма, маданият бўлади. Аммо қишлоғимизда шаҳарча мақомига мос шароит йўқ. Қишлоқни айлансангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Деҳқонобод маҳалласи раиси вазифасини бажарувчи Жасур Камоловнинг айтишича, ушбу маҳалла иккита қишлоқдан ташкил топган. Булар - Деҳқонобод ва Эшонхўжаев қишлоғи. Уларда 3 минг 115 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли зангори оловдан узилганига уч-тўрт йил бўлган, йиллар давомида сув қўшни қишлоқлардан ташиб ичилган, фақат 2019 йилда битта артезиан қудуғи қазилган ва ҳозирда қишлоқнинг ярми ичимлик суви билан таъминланган. Қишлоқ йўллари абгор аҳволда: битта асосий йўлни тошли демаса, ички йўллар нотекис. Шунинг учун ёзда чанг, қишда лой бўладики, ёш-у қари базўр юради. Қабристон қўшни Янгиариқ қишлоғида жойлашган. У ерга бориш учун зовурдан ўтилади. Унинг устида қурилган эски кўприк нураб турибди.

Шаҳарча мақомига эга қишлоқни айланиб, бу гапларнинг ҳақиқат эканига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Ж.Камолов тақдим этган маҳалла паспортини кўздан кечирамиз: Деҳқон­ободда қишлоқ врачлик пункти йўқ. ҚВП “шаҳарча”да эмас, тахминан беш-олти километр олисдаги қўшни Адилов қишлоғида жойлашган. Битта мактаб бор, ҳатто боғча йўқ. Саноат корхоналари тугул кўзга кўринарли тадбиркорлик объектлари, савдо шохобчаларини учратмайсиз бу ерда. Шунинг учун 100 дан зиёд киши ишлаш учун хорижга кетган.

Битта маҳалла, икки хил солиқ тўлови

Ҳа, бир-бирига яқин яшаётган иккита хонадон, масалан, бири Деҳқонобод «шаҳарча»си ҳудудида, бири Эшонхўжаев қишлоғида истиқомат қилувчи томорқа ер эгалари икки хил ер солиғи тўлашга мажбур. Чунки Солиқ кодексида шаҳарча мақомидаги ҳудуд аҳолиси ер солиғини қишлоқликлардан кўра салкам уч баробар кўпроқ тўлаши ёзиб қўйилган.

- Бир хонадонда уч оила яшаймиз, - дейди деҳқонободлик Ғулом Алибеков. – Томорқа еримиз майдони 48,5 сотих. 2019 йилда ҳар сотих ер майдони учун 20 минг 40 сўмдан солиқ тўладик - жами 900 минг сўмдан зиёд бўлди. Ёмони, томорқадан самарали фойдалана олмаймиз. Чунки қишлоғимиз Пой ариғининг адоғида жойлашган, апрелдан сентябргача сув бўлмайди ҳисоб. Тағин ер солиғини шаҳар типидаги миқдорда тўлашимиз алам қилади.

Ўрганишларимизга кўра, деҳқонободлик 30 сотих томорқа ер майдонига эга Ҳасан Муқимов ҳам ҳар сотих ер учун шундай миқдорда солиқ тўлаган. Сўнгра маҳалланинг иккинчи қишлоғи – эшонхўжаевликларнинг ер солиғи тўловлари билан қизиқдик. Намоз Бегимовда 30,2 сотих ер майдони бор экан. У киши 1 сотих ер майдони учун 7 минг 912 сўмдан жами 239 минг сўмдан зиёдроқ тўлаган. Собир Хўжановда ҳам шу каби тўлов ҳисобланган: 27 сотих томорқа ер майдони бор ва жами солиқ суммаси 213 минг 745 сўм.

Деҳқонободликларнинг эътирози ўринли. Аҳоли томорқаларини кузатиб, улар билан суҳбатлашиб, баҳорнинг ўртасидан кузгача ариқда сув бўлмаслиги, шуни билиб, сувсизликка чидамли экин ва асосан мевали дарахт кўчатлари экишини англадик. Одамлар андиша қилиб айтмади, лекин қўшни маҳаллалар ва ҳатто Эшонхўжаев қишлоғигача ариқда сув келаркан. Шундай бўлгач, ер солиғини тўлашда одамларнинг елкаси тиришади-да.

Мутахассис жавоби қандай?

- Деҳқонободликлар ер солиғидан кўп ундирилаётганидан ранжиб, инспекциямизга бир неча бор мурожаат қилишган, - дейди туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Алихон Исаев. – Аммо бу қишлоқ Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра шаҳарча типига айлантирилган. Солиқ қонунчилигида эса ер солиғини ундиришда шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ типидаги ер майдонлари алоҳида-алоҳида ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган. Биз бу талабдан четга чиқолмаймиз. Рости, бундай ҳолат туманимиздаги биргина Деҳқонобод қишлоғи билан боғлиқ эмас. Шаҳарча мақоми берилган айрим қишлоқларда ҳам бу муаммо бор. Афсуски, бу туман даражасида ҳал этиладиган масала эмас. Шунинг учун бу ҳолатга барҳам берилишини сўраб, юқори идораларга мурожаат қилганмиз. Бироқ унинг ечимида бир қарорга келинмаяпти.

“Ё шароитлар яхшилансин, ё солиқ миқдори камайсин!”

Ўқиб, англаганингиздек, бу муаммонинг келиб чиқишида айрим сабаблар бор. Биринчидан, қонунчиликка кўра шаҳарча мақоми туман, шаҳар марказидан 12 километргача олисда жойлашган бўлиши керак. Аммо Деҳқонобод туман марказидан 16 километр узоқликда жойлашган. Шунингдек, бу қишлоққача бўлган оралиқда Бешқўрғон, Гулистон, Истиқлол маҳаллалари бўлиб, улар таркибида ўнга яқин қишлоқ бор. Шу маънода Деҳқонобод қишлоғининг шаҳарча таркибига киритилгани савол остида турибди. Иккинчидан, олис қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли турмуши учун зарур инфратузилмани яратиш, одамлар фаровонлигини таъминлаш мақсадида қишлоққа шаҳарча мақоми берилган ҳам дейлик. Лекин Деҳқонобод “Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида кўзда тутилганидек саноат корхоналари, қурилишлар, темир йўл станциялари ва бошқа муҳим объектлар яқинида жойлашмаган-да. Ўтган етти йил давомида ҳам на бу ерга саноат корхонаси жойлаштирилган, на қурилиш бўлган, на инфратузилма яратилган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу масалада қабул қилинган қарор ижросини солиқчиларгина бажарган, холос...

Хуллас, бугун деҳқонободликлар қишлоғининг обод, кўркам кўринишга келишини, шаҳарчага мос шароитлар яратилишини ёки ер солиғи қишлоқ типи асосида бўлишини истамоқда. Масъул идоралар уларнинг шу истагидан бирини адо этиш ҳақида бош қотирса яхши бўларди.

Акрам ҲАЙДАРОВ,

«Зарафшон»нинг махсус  мухбири.