Депутат ким, у нима иш қилди?
Бу саволларга ўрин қолмаслиги зарур
Бугун кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, умуман, ўзини шу жамиятнинг фаол аъзосиман, деб ҳисоблаётган ҳар бир фуқаронинг муҳокамасидаги асосий мавзулардан бири сиёсий партиялар ва депутатларнинг фаоллиги бўлмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг масъул вакили ва вилоят Кенгаши депутати сифатида айтишим зарурки, иш услубимизни ўзгартиришимиз, шиддаткор замонга мослашишимиз, электорат ишончини оқлашимиз керак.
Зотан, Президентимизнинг барча даражада олиб бораётган ислоҳотлари ва ҳар бир соҳа вакиллари билан ўтказаётган жонли мулоқотида фаолиятимизда туб бурилиш ясаш талаб этилмоқда.
Бу жараёнда, аввало, партиямиз сайловолди дастурида назарда тутилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда кам таъминланган фуқаролар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси сифатида уларни қийнаб келаётган масалалар ўз ечимини топмагунча курашишимиз керак бўлади.
Тўғри, ўтган давр мобайнида қўл қовуштириб ўтирмадик. Мисол учун, биргина 2021 йилда вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари томонидан 154 та, шундан доимий комиссияларда 65 та шаҳар ва туман Кенгашларининг сессияларига 89 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, партия вилоят кенгаши ва депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилаш, соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари, камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорларининг вилоятдаги ижроси ўрганилиб, тегишли тартибда муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда “Тошкент-Самарқанд” тезюрар темир йўли бўйида жойлашган аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш ва унга туташ ҳудудларни батафсил режалаштириш лойиҳалари, ҳудудларда қурилиш соҳасида янги иш ўринлари яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг ижроси бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, зарур тавсиялар берилди.
У орқали катта натижаларга эришдик, деган фикрдан йироқмиз. Муҳими, вакиллик институтининг асосий вазифаси ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиш эканлигини депутатларимиз ҳис қилмоқда. Натижада бугун туман ва шаҳар Кенгашларидаги вакилларимиз фаолиятида ҳам жонланиш кузатилмоқда.
Жорий йил саккиз ойи давомида маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида 96 та масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар депутатлик гуруҳларида 34 марта ижро ҳокимияти органи ва секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Жумладан, Пахтачи тумани Кенгашида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони, Иштихон тумани Кенгашида давлат раҳбарининг аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга доир қарори ижроси ўрганилиб, сессия кун тартибига киритилди.
Таҳлилларда, депутатлар партия гуруҳлари айнан Президент қарор ва фармонлари ижросига алоҳида урғу берганини кўриш мумкин. Негаки, мазкур ҳужжатларда биринчидан, жамиятдаги энг долзарб, тезкор ҳал этилиши зарур бўлган масалалар кўтарилган. Иккинчидан, ижроси муҳокама этилган, назоратга олинган қарор ва фармонлар айнан партиямиз электорати манфаатларини ҳимоялашга қаратилгани билан аҳамиятли. Қолаверса, жойларда бу масалаларда бироз сусткашлик борлигини ҳам айтиб ўтиш керак.
Масалан, ҳали-ҳамон аҳолини ичимлик суви муаммоси ўйлантириб келаётган ҳудудлар бор. Олис туманлардаги айрим қишлоқ, маҳаллаларда одамлар ичимлик сувини узоқдан ташиб келади, бунинг учун қанча оналар, болалар вақт сарфлашади? Ёки эшиги тагига келтириладиган сувни сотиб олишади, кўп кишилик оилаларга у ҳеч қанча вақтга етмайди. Эҳтиёжига яраша сотиб ололмайдиганлари ҳам талайгина.
Ёки иссиқлик таъминоти масаласини олайлик. Гарчи бу борадаги қарор 2017 йилда имзоланган бўлса-да, амалга оширилган ишлар у қадар мақтанарли эмас. Бунинг устига кундан кунга янги бинолар, уй-жойлар қурилиши кўпаймоқда. Аҳоли сони тобора ортиб боряпти. Бу эса иссиқлик таъминоти ҳар йили янгидан ўрганиладиган, чора-тадбирлар кучайтириладиган масала, дегани.
Шу маънода, депутатлик гуруҳларимизнинг ўрганишлари, қарор ва фармонлар ижроси бўйича олиб борадиган назорат ишлари фақат одамларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш, аҳолининг ҳаётдан, жамиятдан рози бўлиб яшашини таъминлашга хизмат қилади.
Аммо афсуски, вазифасига совуққонлик билан ёндашаётган, номига фаолият юритаётган партия гуруҳлари ҳам йўқ эмас. Мисол учун, Оқдарё, Ургут, Қўшработ туманлари Кенгашларида ташкил этилган партия гуруҳлари томонидан 2021 йил учун белгиланган Ҳаракат дастуридаги бирон-бир масала туман Кенгаши сессиялари кун тартибига киритилмаган. Аслида депутатларимиз сессияларда партия дастурий мақсадларидан, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, қолаверса, ҳудудлардаги тегишли ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ҳокимликлар олдига аниқ таклифлар ва масалаларни қўйишлари лозим.
Албатта, олдимизга аниқ мақсадларни белгилаб олганмиз, камчилигимиз ҳали бунинг тўлиқ механизмларини ишлаб чиқмаганимизда бўлмоқда. Бу масала қисқа фурсатда маромига етказилиб, халқ олдидаги, аввало, виждонимиз олдидаги ишончни оқлаймиз.
Бадриддин НАСРИЕВ,
ЎзХДП вилоят кенгаши раиси.