Дин ва миллат қайғуси: “Биз улардан каммизми?”

Юқоридаги мақоладан сўнг Беҳбудийнинг ниятлари англашилади. Демак, «дин ва миллатни сақлаш» учун барча чораларни кўриш керак. Бунга Беҳбудийнинг “Миллатлар қандай тараққий этарлар” мақоласида муайян маънода жавоб берилган.

Публицист, аввало, мавжуд ҳолларни тасвирлайди, тараққиётга юз тутган бошқа миллатларга эътибор беради ва хулоса чиқаради.

“Бугун ислоҳи мактаб, мадраса, яъни ислоҳи миллатға қўшиш қилинмаса, бир аср сўнгра диёнат барбод бўлур ва анинг жавоби масъулияти бугунгиларға қолур. Бу масъулиятдан қутулмоқ учун миллатни диний илм ва дунёвий илм-фанлар ўқумоқ учун тарғиб қилмоқ керакдур. Диний илм ва фанларнинг ўрни мактаб ва мадрасададур”.

“Эҳтиёжи миллат” мақоласида ҳам бу фикрлар очиқ айтилган эди: “Бошқа миллатларға қаралса, кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва ул мактабда диний илм устинда дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур, чунки дунёға турмоқ учун дунёвий илм ва фан лозимдур”. Агар шу лозим нарсаларни йўлға қўймасак, ҳолимиз бундан-да хароб бўлади, яъни “замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларға поймол булур”.

Аслини олганда, булар сиёсий фикрлар сирасига киради. Бироқ у маърифий қарашлар билан ифодаланган. У барчани илмга чорлайди, айниқса, болаларга нисбатан алоҳида эътиборда бўлади.

Демак, озод бўлишдан аввал миллат орасида давлатни бошқарадиган сиёсатчи, замонавий савдогар, ҳуқуқшунос, врач, архитекторлар керак. Уларни биров тарбиялаб бермайди. Шунинг учун Беҳбудий ҳам ҳаракатни мактабдан бошлайди. Ўзи ҳам 1905 йили Самарқанд чеккасидаги Кафтархона қишлоғида мактаб очади.

Унинг 1906 йили таълим-тарбияга, айниқса, жадид мактабларининг тартибларига бағишланган кўпгина мақолаларини ўқишимиз мумкин. “Туркистон вилоятининг газети” (“ТВГ”)нинг 27-28-сонларида давомли қилиб берилган “Жадид мактабларининг имтиҳони” мақоласи фикримиз далилидир. Унда Беҳбудий жадид мактабларида ўғлини ўқитишни ният қилган оталар учун мактабнинг ўқитиш тизими, хусусан, имтиҳонларини тушунтиради. Бу мақола ғояси ҳақиқатан ҳам яхши умидлар билан йўғрилганди. Беҳбудийнинг тўлқинланиб ёзган фикрларини тасдиқлаш учун 1906 йили рус тилида чиққан “Самаркандъ” газетасининг 20 май (37-)сонида Алматов томонидан ёзилган “Самарқанд шаҳридаги жадидлар мактаби” сарлавҳали мақолани кўрсатиш мумкин.

Муаллиф уч-тўрт йиллик билимни бола бир йилдаёқ эгаллаши мумкинлиги ва бунинг учун мухбир олдида ўқувчилар имтиҳон қилинганлиги, натижа эса кутилгандан ҳам зиёда чиққанлигини ҳайрат билан тасвирлайди.

Беҳбудийнинг маорифга бағишланган мақолалари “ТВГ” билан биргаликда “Тужжор” газетасида ҳам чоп этилган. Айниқса, “Тужжор”нинг 1907 йил 10-11-сонларидаги “Ислоҳи таҳсил” мақоласида эски тартибдаги мактабларнинг ислоҳи тезлаштирилиши, бунинг учун уламоларнинг ҳаракати сезилмаётганидан куйиниб ёзади. “ТВГ”нинг 1907 йил 97-сонида чоп этилган “Фарғона хотиралари” мақоласи ҳам маориф, таълим-тарбия ишларига бағишланган бўлиб, унда ҳам Туркистоннинг барча вилоятларидаги таълим борасидаги аҳвол таҳлил қилинади. “ТВГ”нинг 85-сонида чоп этилган “Бухорода усули жадид” мақоласи ҳам таълим мавзуида ёзилган.

1908-1909 йиллари Беҳбудий кутубхона тузиш учун жуда катта ишларни амалга оширганлигини биламиз. Бу ҳақда у кўп мақолалар ёзиб қолдирганки, буларни ҳам биз “ТВГ” саҳифаларида ўқишимиз мумкин. Масалан, газетанинг 1908 йил 58-сонидаги “Самарқанд кутубхона жамияти”, 62-, 63-, 65-сонларидаги “Қонун”, 1909 йил 4-сонидаги “Кутубхона”, “Ойина” журналининг 1914 йил 27-сонидаги “Беҳбудия кутубхонаси” мақолаларида кутубхонанинг аҳамияти ҳақида фикр юритади ва ўзи каттагина кутубхона очиб, халқни ўқиш, изланишга чорлайди.

Ўзгалар орасида тенг яшаш учун уларнинг сиёсий, илмий аҳволини билиб турмоқ, бунинг учун эса тилни билмоқ лозим бўлади. Шунинг учун Беҳбудий тил ўрганиш масаласига алоҳида тўхталади. Унинг “ТВГ”да ёзган “Мунозара” ҳақинда” мақоласи қисман рус тилини ўрганишга қаратилгандир.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маҳорати намоён бўлган мақолаларидан яна бири “Мунозара” ҳақинда” (“ТВГ”, 1911 йил 29 сентябрь) деб номланган. Бу мақола бошида, “ТВГ” тартибига кўра, русчада ёзилган тушунтиришдаёқ унинг “рус тилини ўрганишнинг фойдалари” тўғрисида эканлиги англашилади. Юзаки қараганда, бу билан Беҳбудий русча ўқимоқни тарғиб қиляпти, деган фикр ҳам хаёлдан ўтиши мумкин. Аслида-чи?

Аввало, нега айнан рус тилининг тарғиби биринчи планга кўтарилганини давр цензураси билан муросага келиш мақсадида қилинган деб тушуниш керак. Чунки ўша йиллари барча маҳаллий мактабларда рус тили, Россия жуғрофияси, тарихини кенг ўрганиш талаби қўйилганди. Фикримизни 1909 йилнинг 13 мартида Туркистон генерал-губернаторлиги девонининг 3-бўлими томонидан халқ маорифи нозирига юборилган ўта махфий кўрсатмасига биноан рус тилини мактабларда кенг татбиқ этиш, кейин ўқувчиларга Россия тарихини, жуғрофиясини ҳам ўрганиш “таклифи” киритилганди.

Бу таъсир газеталарда ёзиладиган мақолаларда ҳам акс этиши керак эдики, рус тили ёки Россия жуғрофиясининг заруратини алқамай ёзилган мақолалар мустабид тузумнинг куйчиси бўлмиш “ТВГ”да умуман чоп этилмасди. Қолаверса, Беҳбудий Бухородаги маърифий аҳволни, бидъатнинг кучайиб кетганлигини, жадид мактабларини очишга рухсат йўқлигини ва шу баҳонада юрагидаги дардларини айтиб олади.

Қалам аҳлига маълумки, ҳар бир ёзилмиш мақоладан аниқ бир мақсад бўлади. Дейлик, у маърифат мавзуида бўлсин. Мақсадни баён этишда шу мавзуга монанд фактлар йиғилган бўлади ва, энг асосийси, бу фактлар уни ёзиш учун туртки бўлиши мумкин. Беҳбудий бу турткини қуйидагича изоҳлайди:

“Усули жадид мактабларини нафълиги ва фунуни замонийя таҳсилининг бухорийлар учун лозими тўғрисинда Фарангий афанди ила мударриси Бухорий жанобларини ароларида бўлган баҳс ва суҳбат “Мунозара” исминда бир рисола шаклинда форсий тилиға табъ ва нашр булубдур. Бизда кўздан кечирдикки, ҳақиқатдан бухорийлар учун нафъдур... ва аммо, бизни фикримизча, Бухоро учун энг муҳимини — Фарангий афанди фаромуш этибдурлар ва аввали энг муҳим жиҳат бухорийларни ўқумоқ ва рус маданиятидан нафъ биродар бўлмоқға тарғиб этмоқдин иборат эди” (ТВГ», 1911 йил 29 сентябр).

Юқорида айтганимиздек, “ТВГ” мустабид ҳукуматнинг нашри бўлиб, ундан бошқа обрўлироқ нашр йўқ эди. Бироқ Беҳбудий зиёлиларга кўнглидаги гапларини айтиши керак эди. Бундай пайтларда Беҳбудий доим йўл топа олган, яъни айни фурсатда ҳам форсий тилда чиққан бу китобда бухороликларнинг бошқа давлатларга бориб ўқишлари лозимлиги, лекин улар тилга олган мамлакатлар орасида Россия, жумладан, Туркистон ҳудудидаги илмгоҳларда ҳам ўқишлари лозимлигини айтиб, русча ўқимоқларини тарғиб қилади. Бунда шунча меҳнат сарфлаб китоб чиқарган муаллиф — Фитратни ҳам қоралаб ташламайди.

“Хайр, балки Фарангий афанди фаромуш этмай, эҳтимолки, бухорийларни таажжублари қўзғолмасун ва “Мунозара” рисоласидин умид этилган манфаати маънавийя фавт (йўқотиш — Ҳ.С.) бўлмасун, русча ўқимоқ баҳсидин кўз юмгандир деб занн (тахмин, гумон — Ҳ.С.) қилармиз ва алан Фарангий афандини натижа маълумотларига назаран ўрусча ўқумоқға тарафдордур. Истидол (хулоса - Ҳ.С.) қилинадур ва ҳар бир кўзи очуқ кишида бухорийларни русча ўқумоқлари тўғрисинда мухтасар бир оз ёзмоқни биз мунда керак билдук” (ТВГ», 1911 йил 29 сентябрь).

Беҳбудий тижорат ишлари учун рус тили керак бўлишини, тижорат ишларини тараққий қилдириш мумкинлигини, темирйўл, телеграф, почта, банк, дорихона, врач ва кўпгина замонавий қулайликлардан фойдаланиш учун русчани билиш лозимлигини таъкидлайди:

“Руссия ила тижорати бор бухорий ва Бухорони ҳар бир ҳукмдорларини русчаға бор эҳтиёжини ҳар кимдин ул бухорийларни ўзлари иқрор эдарлар.

Киши йўқлигидан алан Бухоро ҳукуматини хизматидаки таржимонлар кафказий ва туркистонийлардан иборатдур”.

Муаллиф Туркистоннинг барча дардларидан, ҳудудидаги аҳволидан хабардор зукко мақоланавис сифатида қалам тебратади. Муаммони жуда нозик жиҳатлари билан очиб беради.

“Насоро ва мажусий давлатини айтмай қўйдук. Бул вақт Усмонли ислом давлати катта мактаблариға русча ўқитадур ва Руссияға талаба юборадур. Турк қариндошларимизнинг ҳар бири Руссия мусулмонларини русча ўқумоғига ташвиқ этарлар, ҳатто Истанбул Шайхул исломи ҳазратлари Руссия мусулмонларини ўқумоқига буюрадурлар. Чунончи, ўткан сана Самарқанд ҳожиларидин икки нафар мударрис Шайхул ислом эътиборларини хизматлариға мушарраф бўлуб эканларки, усули жадид ва русчани лозумидин баён этуб, туркистонийларга русча ўқумоқни ташвиқ этмоқға буйурубдурлар” (Ўша газета, ўша сон).

Публицист мақола таъсирини орттириш учун турли усулларни қўллашга ҳаракат қилади. Бошқа халқларнинг амалга ошираётган ибратли ишларини кўрсатиб, “Биз улардан каммизми?” деган савол билан юрт ҳукмдорларига мурожаат қилади:

“Мисрдин, Шом ва Арабистондин, Истанбулдин ва Эрондин Руссия мактаблариға талаба келганда, Бухородин на учун талаба келмайдур? Буни сабаби бухорийларни ғафлати ва замондин хабарсизлиги дейурлар” (Ўша газета, ўша сон).

Табиийки, бу гаплар ҳатто танбал вужудга ҳам таъсир этмай қолмайди. Публицист Бухоро бидъатчи ҳукмрон табақаларга яна бир бор таъкид билан мурожаат қилади:

“Хўб, Бухорода усули жадидни қўймаганларидек, русчани-да уламо қўймадилар, дедук. Ой, шогирдларни Самарқандға, Туркистонға ва ё дохили Руссияға на учун юбормайдур?” (ТВГ», 1911 йил 29 сентябрь).

Табиийки, бидъатчилар “Биз Бухорода дини исломнинг бузилиб кетишининг олдини оляпмиз”, дейишарди. Лекин, Беҳбудий Бухородаги нобоп ҳаётнинг фожиасини очиб ташлайди:

“Самарқандда Бухородин гадо, ўғри, қиморий, жавонбача келар, ҳатто дейурларки, фоҳишалар ҳам келур. Буларга уламо бир шай демас ва хабардор бўлмас".

Гап сиёсий мавзуга яқинлашиши билан Беҳбудий, одатдагидек, ўз фикрини билдиради: “Биз сиёсий киши эмас ва алан бул тўғридаки фикримизни очиқ суратда ёзардук”. Аввалги тажрибадан маълумки, (“Таърих ва жуғрофия”, “Тавзеҳ”) Беҳбудийга “сиёсатга аралашма” деган талаб қўйилган. Беҳбудий сиёсий киши эмасмиз, дея сиёсатга минг истиҳола билан ёндашгандек бўлади. Аслида эса бу гапларда очиқ ҳақиқат бор. Бухоро амирлиги, сиртдан қараганда, мустақил кўринарди: “Шу қадар билармизки, расман Бухоро ҳукумати Руссия давлатининг ҳимоясиғадур. Бухоро, онинг бош ҳукмрони жаноби олий Амир ҳазратларини аморатлари Руссия давлати тарафдин ижро қилинадур. Хорижия давлатлари, масалан, Эрон, Афғон ва ё Усмонли давлатлари-ла Бухоро ҳукуматини хат ва хабар қилмоғи лозим келса, Руссия давлати воситасила муаммони ҳал қиладур. Бухоро аҳли хорижга чиқмоқчи бўлса, Руссия рижоли ҳукуматини рухсати лозимдур.

Бухоро учун бож ва пушлина Руссия давлатининг ихтиёри ила бўлур”.

Қолаверса, русча ўқиган билан ҳеч ким кофир бўлиб қолмаслигини айтади: “Билмоқ керакки, ўрисча ўқимоқ ила киши кофир бўлмайдур ва ё ўруслар бизға динларини таълим қилмайдур”.

Беҳбудий Самарқандда юздан кўпроқ бола таҳсил олаётганини таъкидлаб ва шахсий ибрат кўрсатиш мақсадида қуйидагиларни ёзади: “... ва аларнинг ҳеч бирига насоро динини таълим қилмайдур. Самарқанд ададий гимназияда букун ўндин зиёда мусулмон боласи бор. У жумладан бири маним ўғлимдур”.

Гимназияда насоро динини ўқитаркан, деган миш-мишларнинг асоссизлигини ҳам айтиб, у ерда диндан холи илмлар ўқитилишини ёзади. “Ғайрируслар русча ўқуганда илми дунёвий ва ҳаётға мутааллиқ фунун ўқуйдурлар. Ва ҳар бир мусулмонда русча ва ё фарангча шуни ўқийдур. Бухорони ўрта миллати учун авомға сўйлайинки, турклар, эронилар, биз—туркистонийлар, қозоний, урунбурғий ва кафказийлар ҳам русча ўқусалар ҳам кофир бўлмайдилар. Бухорийлар ҳам русча ўқуган ила кофир бўлмайдурлар”.

Бу гаплар “Мунозара” номли бир китоб баҳонасида ёзилган мақолада ифодалангандир. Бу билан Беҳбудий бир неча мақсадни кўзлайди. Аввало, китобнинг муаллифи Фитрат бўлганлиги ва у форсчадан ўзбекчага Беҳбудийнинг шогирди Ҳожи Муин томонидан таржима қилинаётгани, йўқса, қитоб цензорлардан ўтмаслигини ўйлаб унинг муаллифи — Туркияда ўқиб юрган Фитратни Туркистонга чорлаётган бўлса, бошқа жиҳатдан, бундай китобнинг мавжудлигини ва ҳадемай у ўзбек тилида босилиб чиқишини ўзбек зиёлиларига билдириб қўяди.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)