“Охранка”ни титратган мақола (давоми)

Шарқ донишманди бир масала хусусида сўз юритар экан, вазминлик билан фикрлайди, ёзади. Беҳбудий даврининг энг мураккаб дардини ҳам ана шундай шарқона назокат билан кўтариб чиқади.

Энди бевосита мақола моҳияти хусусида сўз юритар эканмиз, публицистнинг ўқувчини ўзи билан бирга мулоҳаза юритишга ундаганлигини, бирга таҳлил қилганлигини таъкидлашни хоҳлардик. Таҳлил мураккаблаша бошлаганини сезгач, у мақоласига жолис — суҳбатдошни олиб киради. Публицист эса унга жавоб беради. Бу ерда Беҳбудий асосий фикрни кенг таҳлил этиб беришни хоҳлайди: “Биз бу мусаддани ёзар экан, жолисимиздан бири сўрадики, матлабни ошкора сўйланг.

Биз алан қандай таназзулдамиз ва илгари на кайфиятда эдук? Ман дедим: бу қисса дур ва дароздур, балки сизнинг ҳусули (ҳосил — Ҳ.С.) фикрия ва майдони илмиянгиз ҳудудидан хориждур. Бу қиссаи пурғуссадин маълумот олмоқ ва воқуф ҳосил этмоқ учун жуғрофия ва таърихдан хабардор бўлмоқ лозим. Келур ҳол буни алар сизнинг наздингизда ашуладин ва ҳарза (бекор, беҳуда — Ҳ.С.) кўйлик дин ҳам дунроқ (разил, паст — Ҳ.С.) ратбағадур. Хулосамни таърихий ва вуқуоти мозияни мухтасар суратда баён қилайин. Шоядки, бир фикри ажмали (гўзал — Ҳ.С.) ҳосил этсангиз ва, шоядки, сизча бидъат ва куфр ва залолат ва бизча ҳам шариатча фарз ва зарурат даражасидаки жуғрофия ва илми сиёсат замонийя ва жароиди нафъийяға муҳаббат кўзи ила боқиб, андин дунё ва охиратингизға фойдалик нимарсаларни орттирмоқ ва ибрат ҳосил қилмоқ учун бир олти ой доимо ўқуб кўрсангиз”.

Демак, публицист мақоланинг асосий мақсадига кўчди. Жолис сифатида қабул қилинган бу ғойибона суҳбатдошни Беҳбудий билан курашиб юрган, жадид мактабини “бузуқ” деб қабул қилаётган, ҳали қайси томон ҳақу ва қайсиси ноҳақлигини аниқ билмайдиган газетхон, деб ҳам қабул қилишимиз мумкин. Чунки ушбу мақолани ўқиётган киши жолис сифатида қатнаша бошлайди, яъни мақола қуйидагича давом этади:

“Жолисимиз деди: Суйланг, қулоғим сизда. Дедим: Таърих дерки, мусулмонлар 500 сана муқаддам замонғача ўз Қуръон ва подшоларига, ўз шариат ва амирларига тамоман тобеъ эдилар. Яҳудий, насроний, мажусий тоифаларидан юз милийунлари ила зам (қўшилган, қўшиш — Ҳ-С.) фуқаролари, тобеълари бор эдики ул замонни бири, яъни ер юзидағи халқи Оллоҳни учдан бирини амали Қуръон ила ва табиати мусулмон уламолари қайдиға ер юзиға бир минг беш юз милийун одам тахмин қилинган ва ани 300 милийундан фазласи (ортиқча — Ҳ.С.) ислом ила мутаддаййиндур (диндор — Ҳ.С.). Демак, тўрт-беш аср муқаддам бир қадар ажнабий табъи исломийямизда (исломий дидимизда — Ҳ.С.) бор экан ва аҳли иймон... исломийяға тобеъ эканлар илми таърих буни ила сокин (жим — Ҳ.С.) бўлмайдур. Яна бу салот бани одамни кайфияти иймон ва таслим ва тарбияти ва аларнинг сабаби ҳам шарҳ ва баст (ёймоқ — Ҳ.С.) этар. Жуғрофия ўқуғон таърихиянинг зарифидурки, 500 сана муқаддам ҳудуд доираи муқаддаси ислом ва они ер юзида ҳоиз бўлган тул (узунлик) ва арз ва масоҳат (ер ўлчаш) сатҳийя ва ҳайъат табииясини, хариталарини ҳўл ва қуруқларини мубмамороя(?) этар, мусулмонларни асират имрония ва маданияларини мавзуҳо баён этарларки, таърих ва жуғрофия қорилари ва мутафуннунларини ҳайрат ва ҳамиятлари бўлур. Хулоса, вуқуот (воқеалар — Ҳ.С.) ва ҳудудот исломиянинг бу саҳифалари қуръотидан (донолик — Ҳ.С.) кўнгуллар иншироҳ топар. Инсон ўзини бир лаззати руҳийя ичида мустазиҳ ҳис этарки, аҳли унданда минг карра мусалламдур (инкор қилинмаган, маъқулланган — Ҳ.С.). Эй жолиси муҳтарамим, сиз ҳануз таърихи умумий ёинки таърихи исломға мубтадиъ даражасинда ҳам эмассиз ва жанобинғизни замони собиқа, замони мутавассата (ўрта — Ҳ.С.), замони охира ёинки қирван (кўп — Ҳ.С.) қадима ва жадида таъбирлари ила саргардон этмайин, балки хулосатал хулоса таърихийяни мухтасар натижасидан айтмоқчиман.

Таърих дейурки, бир замон келдики, уламо ва умарои ислом жубун ва танбал айш (турмуш — Ҳ.С.) бепарво, дигар тарафдин бир-бирлари ила мухолиф бўлдилар. Таълим ва тадриси уламои дин лодонлар мажлисини таржиҳ (устун — Ҳ.С.) этдилар. Умаро ва салотин (подшолар, султонлар — Ҳ.С.) ислом ноҳақ ерға юз минглаб аҳли ислом қонини тўкуб, тараф-тараф бўлдилар. Уламо бўлса умаро нониға ва маошиға кўз тикиб муқобилларини такфирлариға қадар илгари кетдилар. Ҳусумати масҳабиййа ва таъсиби илмийяға аҳамият бердиларки, насроният оламидаки ва папалиқ замониндаки ихтилофларға монанд низолар олами исломни парчаланмоқиға сабабият берди”.

Публицист буюк салтанатнинг фожиасини очиб беряпти. Тўғри, гап чўзилган, кўпчилик сўзлар тушунарсиз, туркийда ёзилмаган. Муаллифнинг бу усулини биз юқорида айтгандик, яъни публицист мазкур мақоласини юртнинг зиёлиларига қарата ёзган эди. Иккинчидан, мақола цензура қайчисига йўлиқмаслиги ҳам шарт эди. Муаллифнинг маҳорати шундаки, бунда ўзаро ички ихтилофлар, илмга бефарқлик буюк давлатнинг емирилишига сабаб бўлишини очиб бермоқда.

Мақоланинг салмоқли бўлишида фактлар катта аҳамиятга эга. Бу фактларга публицистнинг дардли сўзлари йўғрилса, у сўзлар тошни ҳам эритиб юборади. Беҳбудий қанчадан-қанча мамлакатлар қўлдан кетганлигини қайғу билан тасвирлайди. Мақоланинг композициясини белгилаган жолис — суҳбатдошга мурожаат қилади: “Эй биродар, таърихи исломни қоралайдургон саҳифалари хулосасини натижасиндан сизға арз қиларманки, ер олами кетди, кетадур”.

Муаллиф Оврупонинг жануби-ғарбидаги ва Сибир томондаги қўлдан кетган мамлакатларни бирма-бир санайди: “Хулоса, Оврупони жануби-ғарбидаги мамолики исломия маҳв ва нопадид (кўринмас, таъсирсиз — Ҳ.С.) бўлди. Аҳли исломиясини баъзиси ҳайдалди. Баъзан асир, баъзан таҳриқ қилдурилди ва бу кун улардан на ном бор ва на иймон. Оврупо васаттига қарасангиз, Серб, Булғор, Қирим, Курид, Қибрис, Юнон, Рум ила хитталари (ўлка, ер юзи — Ҳ.С.) кетди, ҳоло кетмакдадур. Бир карра Африқо харитасига назар қилайлук. Танжа кетди, Тароблис, Тунис, Занжибар, Судан, Мадагасқар исломиялари қисман кетди ва қисман кетмакдадур...”.

Публицист зора аҳволни кўрар деган умидда суҳбатдошини харитага назар ташлашга чорлайди. Бардош бера олмайди, йиғлайди.

“Энди маҳди (бешик — Ҳ.С.) қадим инсоният ва мазҳар кул одиён ва майдон, тараққийи исломият бўлган Осиё қитъаси харитасиға таважжуҳ қилармизки, 3 аср охири зарифинда на ҳолатға келмиш. Оҳ, мунда қалам титраюр, қалб йиғлайур. Бир бағри ёниқ дерди: “Оҳ, нодон мури шуд, оҳ нодонға ўлат келсун”. Осиё қитъасиға кини (душман — Ҳ.С.) балад (шаҳарлар, мамлакатлар — Ҳ.С.) исломиядан уламои ислом тасарруфидан овруполиклар тасарруфиға ўткан амсор ва амлоки исломияни ман тавсиъ (кенгайиш, ёйилиш — Ҳ.С.) ва тиъдод (санаш, ҳисоблаш — Ҳ.С.) этмайин-да, сизда ёлғуз икки-уч асрдан бери умум насронийя тасарруфиға киргон мусулмонлар ададини кўрсатгувчи рақамларни ёзмоқ ила бу карра иктифо (кифояланиш — Ҳ.С.) қилурман...

Азиз жолисим, сизға сўйлаб турибман, фаҳмлайсизму? Ҳайҳот, ҳайҳот, умумий Осиё қитъасиға 600 милийун қадар мусулмон борки, андин 10 милийун Осиёи сафро ва жазиратул-Арабға сокин ва Усмонли ҳукуматиға тобеъ, 9 милийун Эронға, 6 милийуни Афғонға, 2 милийуни Бухоро, милийуни Хива, 1 милийуни Булужистон,12 милийуни Ҳайдаробод деган, 1 милийуни Уммон ва милийундан ками Жумҳур ҳукумати исломиясиға тобеъ бўлуб, бақя 50 милийуни Хитой ва 50 милийуни инглисға ва 50 милийун қадари, яна 40 милийуни Жазоир Баҳри Кабир мусулмонлари ила баробар Инглис, Франса, Каландия, Испания, Руссия ва ўзга давли (давлатлар — Ҳ.С.) насрониясиға тобеъ... Биз Осиёи васатий (ўрта) ва шимолий сокинларидан Руссия давлатиға тўғридан-тўғри тобеъ. Бухоро ила Хива ҳукуматлари давлатимизни ҳимоятиғадур. Юқорида баён бўлған ҳукумати исломияда фақат Усмонли ила Эрон давлатлари дохилий ва хорижий ишлариға мустақил ва қаламаси давла нуқтадора (бўйинсунилган — Ҳ.С.) насрониянинг барисини ҳамият ва нуфузиға тобеъ ва эркак-хотун кабидур”.

Таниқли олмон олимаси Ингеборг Балдауф Беҳбудийнинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, уни ўрганган хорижий тадқиқотчиларнинг энг сермаҳсулидир. Бу олима Беҳбудийнинг ушбу мақоласини ўқиганда эди, балки “бир диндаги кишиларнинг яқинлиги ясамадир, чинакам бирдамлик эмас; камдан-кам ҳоллардагина Беҳбудий “барча мусулмонларнинг бирлиги” тўғрисида сўз юритади. Маҳмудхўжа тушунчасидаги бирдамлик фақат унинг ўз миллатига тааллуқлидир. Миллат эса, фақат диний эмас, балки диний ва маконий нуқтаи назардан таърифланиши лозим, яъни Беҳбудий “барча мусулмонларнинг бирлиги” деганда, фикримизча, биринчи навбатда Ўрта Осиё мусулмонларининг бирдамлигини тушунган бўлса керак. Шу бирдамлик тушунчаси Беҳбудийнинг сиёсий нуқтаи назарини ҳам белгилайди, демаган бўларди. Чунки Беҳбудий мусулмон оламининг ғайриисломий давлатлар томонидан не тариқа поймол этилаётганлигини таҳлил қилади. Лекин ҳақиқатан ҳам у бирор мақоласида бутун олам ислом давлатлари тасарруфига ўтсин, деган маънода фикр юритмаган.

Бу мақоладан сўнг “ташкил қилинган” жанжал расман юқоридаги кўчирманинг айрим фикрларига таянган. У мақолага ҳали тўхталамиз. Бундаги асосий фикр эса икки мамлакат — Туркия ва Эронгина ҳеч кимга тобе эмаслиги ва бу “аҳли исломға ибрат” бўлиши таъкидланади. Мақола ҳадисдан олинган ибратли фикр билан якунланади: “Жолисимиз дейур: Оре, худо қилди, ман дедим: “Олган барча яхши нарсаларинг худодан, бошқалари ўзингдандур”. Яъни, “Ҳаммаси худодан”, дейдиган кишиларга нисбатан Беҳбудий ишончли манбалардан кучирма келтириш билан жавоб беради. Беҳбудийнинг бундай маҳорати мақолага куч-қувват багишлаган. Араб тилида, Қуръондагидек кўчирилган бу кўчирма ҳам “Охранка” учун таржима қилиб берилган. Бунда биз юқорида мақола “зиёлилар учун ёзилган”, деган фикримизга яна бир далилни кўрамиз. Чунки Қуръонни ҳар бир киши ҳам тўғридан-тўғри таржима қилиб, тушуниб кетавермаган. Беҳбудий бу фикри билан ислом мутаассибларига катта зарба беради. Чунки мутаассиблар “Бизнинг ғайридинга мутеъ бўлишимиз ҳам худодан”, деган ақидани байроқ қилганча, ўзларини ҳимоя қилиб, халқни тинчлантириб юришган. Беҳбудий эса бу мутеликнинг ёмон ҳол эканлигини исботлаб, ёмоннинг эса худодан бўлмаслигини, Яратганнинг ўз китобидан исбот топиб зарба беради.

Лекин Остроумов ёзган шарҳнинг мақолага бир қадар таъсирини айтиб ўтиш жоиз. Чунки бу миссионер маҳаллий тилни яхши ўзлаштиргани боис ҳар бир жумлани синчиклаб ўқиган, мақоланинг моҳиятидаги фикрни тушуниб етган. Аммо мақолани босмасликка имкон бўлмаган. Балки фитна уюштириш учун ҳам берилган бўлиши мумкин. Муаллиф мақоласининг бошида “муҳаррири муҳтарам”нинг айрим фикрлари “устодона ва пирона” эканлигини маданият нуқтаи назаридан “келиштириб" ёзган. Бундай мақтовлардан сўнг, Остроумов мақолани беришга қарор қилгандир. Бирок, ҳар эҳтимолга қарши мустамлакачи нуқтаи назаридан Беҳбудийнинг мақоласи, жумладан, жадид мактабларида жуғрофия ва тарихни жорий қилиш дастуридаги камчилик ва нуқсонларни “кўрсатиб” берган. Беҳбудийнинг мақсади — болаларга боболарининг нақадар қудратли бўлганлигини эслатиш, кейинчалик йўл қўйилган хатоларни кўрсатиш, тараққий этиш учун йўналиш бериш эди. Остроумов ёзган сўзбошида айнан ўша жойларига зарба берган:

“Оврупо ва Руссия мадрасаларида доимо мазкур илмлар ўқулса керак, яъни биргина тоифага тааллуқ таърих ва жуғрофия ўқимоқ дуруст эмас ва ул илм фойда бермас ва балки ул тоифаға такаббурлик кучайиб ва бўлак тоифаларни(нг) аҳволотини нодуруст кўрсатиб, бул хусусда шогирдларга манфаат бўлмаса керак. Тарбиятнинг асл тартиби шулдирким, ҳеч вақт ва ҳеч нима хусусида нодурустлик хаёл ва андишаларни талабаларга алоқа қилмоқ дуруст эмас”.

Остроумов “нодуруст” хаёл келиб чиқадиган ҳар қандай дарсликлар ўқувчиларга “ёмон” таъсир қилишини сезади ва бир мамлакатга тобе бўлгач, унинг қонунларига бўйсуниб, унинг тарихини ўқиш ғоясини илгари суради: “... ва яна бир фикримиз шулдирким, ҳар қаю мамлакатға тобеъ бўлган халқни болалари ул мамлакатнинг таърихи ва жуғрофиясини кўброқ ва равшанроқ билсалар керак. Зероки, ул мамлакат аввало мазкур шогирдларнинг ватани асли қаторида бўлиб, ул мамлакатнинг аҳволотини яхши тушунтирмоқ керак ва бул газетамизни фелетунида босилган “Таърих ва жуғрофия” деган мақолада бул тариқа фикр ва андиша йўқдек ўхшайдур, яъни Руссия мамлакатининг аҳволоти билинмай қолса ва ёки нодуруст баён бўлса, ул вақтда талабалар ўзларининг ватани аслиси хусусида нечук ва қайдан билсалар керак. Хусусан, Руссия мамлакатига тобеъ ёш мусулмониялар Руссия мамлакатининг таърих ва жуғрофиясини билолмай ва нодуруст фаҳмлаган ҳолда ўз умрларини ва зиндагарчиликларини нечук ўтказадур? Албатта, ул ёш мусулмонлар балоғатга етганда Руссия мамлакатининг ахволотини ва пайдосини дуруст фаҳмламай Руссия халқининг ҳар хил закун ва қоида ва ҳам низомларини ямон кўриб, Руссия ҳукумдорлариға ва хусусан подшо импературға тобеъат ва ихлос кўрсатмоқларга қадар бўлмаслар. Бул тариқа илан аввал тобеъ мусулмониялар доимо хафалик ва хусусан махфий душманликни ўз кўнгилларида тутуб, ул мамлакатға эмас, балки ўзларига ҳам ҳеч фойда келтирмаса керак”.

Остроумов жадидлар ҳаракатининг нозик жиҳатларини сезган ва уларга нисбатан барча фикрларини газетада бериб бориб, маҳаллий халқ орасига нифоқ солиб турган. Шунингдек, у бу маърифий ишда зимдан давлатга қарши иш олиб бориш мумкин эмаслигини таъкидлайди: “Албатта, бу тариқа тартиб асло нодуруст ва ҳукуматдорлар ул тартибни жорий қилмоқға рухсат бермасалар керак ва ҳар қаюлар билсалар керакким, мамлакат ичида ҳеч бир махфий ишлар бўлмаса керак...”.

“Бўлмаса керак” деган гап шартлилик аломати ҳисобланади. Остроумов ҳақиқатан ҳам ўз фамилиясига мос мустамлакачи давлат фуқароси эди, десак адашмаган буламиз.

Лекин у нақадар “созлаб”, қўрқитиб сўзбоши ёзган бўлса, мақола шунчалик қимматли бўлиб кўз ўнгимизда намоён бўлади, яъни публицистик асар ўз таъсирини кўрсатади. Шундан бўлса керак, чор “Охранка”си уни дарҳол уч кун ўтиб таржима қилди ва Беҳбудий негадир ўзининг изоҳ талаб қилмайдиган мақоласига “Тавзеҳ”1, яъни изоҳ ёзди. Ҳар ҳолда, мазкур “Таърих ва жуғрофия” мақоласида битган “истасангиз бошқа замон сўйлашурмиз”, деган ваъдасига биноан ёзмади, балки... ўша вақтда бўлиб ўтган воқеалар тафсилоти сирлигича қолиб кетган бўлса-да, Беҳбудийнинг “Тавзеҳ” номли мақоласида унинг “изоҳи” талаб қилиб олинганига ишора бор. Аввало, ушбу мақола изоҳ, дея номланса-да, негадир изоҳга изоҳ тариқасида муаллифнинг сўзбошиси ҳам ёзилган. Савол туғилади: изоҳга изоҳнинг нима кераги бор? Муҳаррир сўзларидан иқтибос келтирсак ҳаммаси аён бўлади:

“Мундин муқаддам 90-инчи рақамлик газетамизда ҳурматлик Маҳмудхўжа муфтийнинг фелетуниға андак жавоб тарзида ёзган эдук. Ул ёзган мақоласи асбоби фасод ёки ёмон мудаао деб ўйламадук. Лекин мақолани газетга дарж қилганимизда Хива ҳукумат соҳиблари ва Хива, аларға тобеъ одамлар они ўқуб ямон муддаога таъбир бермасликлари учун биз жавоб савол муқаддардек дафъи истиҳола айлаб, баъзи мулоҳазаларни ёзиб, ўйлағон эдукким, бизни ул ёзган жавобимизга ҳурматлик Маҳмудхўжа муфти ўзи албатта жавоб ёзсалар керак деб. Ондин келган жавобни кўрдук.

Кўрдук, ёзганингиз тўғри, дуруст жавоб ёзибсиз. Хурсандлик илан бул ёзган жавобингизни ушбу газетга солмоқни муносиб кўруб, газет саҳифасидан жой бердук”.

Гўёки Беҳбудий ушбу “Тавзеҳ”ни “Таърих ва жуғрофия” мақоласи билан берилган муҳаррир фикрига жавоб ёзган-у, муҳаррир унга чин дилдан газетадан жой ажратгандек туюлади кишига. Бироқ “Охранка”нинг махфий папкаларида сақланган Беҳбудий мақоласининг таржима-изоҳини топганимиз бу туйғунинг асоссизлигини кўрсатди. Санъатнинг, публицистиканинг шундай усуллари борки, воқеаларни бемалол улар орқали аниқласа бўлади. Дейлик, агар Беҳбудийга биров “сиёсатга аралашмайсан, сўзингни қайтиб ол” демаганида, у “Тавзеҳ” номли мақоласида қуйидаги фикрларни баён қилмаган бўларди:

“Руссияни ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмасмиз ва аммо “Таърих ва жуғрофия” унвонлик мақоламиз таърих ва жуғрофия ўқумоқни диний жилва этдирмоқ ва ёинки сарф илмий ва воқеий бир мақола эди. Сиёсий ва таассубий эмас эди...”.

Бундай пайтда муаллифнинг “қандай” ёзиши публицистика билан шуғулланиб юрувчиларга маълум. Муаллиф ўта ҳушёр ҳолда, ҳиссиётга берилмай, бир қадар дардини яшириб ёзади. Шундай бўлса-да, “Таърих ва жуғрофия” мақоласида Беҳбудий анчагина фикрларини, жумладан, Остроумовнинг “Руссиянинг тарихини ўрганишлари шарт”, деган гапларига қарата “Мунтахаби жуғрофияи Руссия” китобини ҳам ёзганлигини таъкидлаб, «сиёсат учун» кўп фикрларни айтади.

Хулоса шуки, публицист “Таърих ва жуғрофия” мақоласида ўз олдига қўйган вазифани бажарган, яъни ўқувчини уйғотиш учун сўзлар, далиллар топа олган. Мақоланинг дард билан ёзилгани унинг юракка етиб борадиган таъсирга эга бўлганлигини англатади. “Тавзеҳ”да муаллиф мустабид ҳукуматга “салом” берган бўлса-да, унинг ҳамма гапи айтиб бўлинган эди. Бу мақолаларнинг иккисини ҳам сиёсий мавзудаги мақола деб қараш мумкин. Бироқ бунда барибир маърифат юқори ўринга қўйилади. Беҳбудийнинг 1917 йилгача ёзганлари орасида мазкур мақола жадидчилик ҳаракатининг мақсадларини очиқ баён қилади. Мақола моҳияти шу пайтгача беҳбудийшунослар назаридан четда қолганди. Чунки бу мақоладан кейин зиёлилар орасида Беҳбудийга нисбатан ҳурмат ошади. “Охранка”да эса унга хавфсираб қарай бошлайдилар.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)