Дорихонада ишлайдиганлар ойлик оладими ёки кунлик?

Яширин иқтисодиётни қисқартиш ва пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасига йўл қўймаслик мақсадида жорий йил 17 ноябрь куни вилоят ҳокими Э.Турдимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда дорихоналар фаолиятида учраётган шундай камчиликлар қайд этилди.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 676 та корхонага тегишли 1025 та дорихона фаолият кўрсатмоқда. Йилнинг 10 ойида давомида уларнинг ҳисоб рақамларига тушум 1 триллион 219 миллиард сўмни, бир ойлик ўртача тушум эса 122 миллиард сўмни ташкил этган.

Дорихоналар ҳисоб рақами корхонабай таҳлил қилинганда, бир ойлик савдо тушуми 10 миллион сўмгача бўлганлар 162 та (жами корхоналарнинг 24 фоизини), 40 миллион сўмгача бўлганлар 262 та (39 фоиз), 70 миллион сўмгача бўлганлар 118 та (17 фоиз), 100 миллион сўмгача бўлганлар 47 та (7 фоиз), 100 миллион сўмдан юқори бўлганлар 87 та (13 фоиз) эканлиги кузатилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, манзили бир-бирига яқин, яъни бир кўчада ёки тиббиёт муассасалари атрофида жойлашган ҳамда кундалик харидорлар оқими деярли бир хил бўлган дорихоналарнинг савдо тушуми кескин номутаносиб, яъни бир дорихонанинг ойлик тушуми йирик миқдорни ташкил қилади-ю, унга қўшни бўлган бошқа бир дорихонада бунинг мутлақо акси.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида 422 та савдо нуқтаси мавжуд бўлган 273 та дорихонанинг 40 тасининг бир ойлик савдо тушуми 90 миллиард сўмни, яъни ўртача 2 миллиард 250 миллион сўмни ташкил этган. Аммо 233 та ёки дорихоналарнинг 85 фоизининг ҳисоб рақамига атига 7 миллиард сўм ёки жами дорихонлар тушумининг 7 фоизи келиб тушган. Бу ўртача 30 миллион сўмни ташкил этганлиги аниқланди.

Туманларда фаолият кўрсатаётган дорихоналарда ҳам савдо ҳажми йирик бўлса-да, ҳисоб рақамга келиб тушаётган савдо тушумлари ҳажми бунга мутаносиб эмаслиги маълум бўлмоқда.

Дорихоналарда фаолият кўрсатувчи шахсларнинг расман рўйхатга олиниши ва уларнинг даромадлари бўйича бюджетга тўловларнинг ўтказиб борилиши борасидаги камчиликлар ҳам масаланинг яна бир муҳим жиҳати ҳисобланади. Дорихонада амалда камида 3-4  киши (раҳбарлар билан бирга) доимий иш билан банд. Ўрганишларда эса жуда кўплаб дорихоналарда йилнинг ўтган 10 ойлик фаолияти давомида ҳисоб рақамидан иш ҳақи харажатлари амалга оширилмаган. Аммо соҳада фаолият кўрсатаётган бирор бир ходим 10 ойдан бери иш ҳақи берилмаётганлиги ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаган.

Мазкур таҳлиллар соҳада фаолият олиб бораётган бир қатор тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ базаси яшириб келинаётганини кўрсатади. Ваҳоланки, карантин даврида жуда кўплаб соҳа ва тармоқлар фаолияти тўлиқ ёки қисман тўхтаб қолган бўлса-да, дорихоналар фаолиятида бундай иқтисодий қийинчилик, савдо тушуми пасайиб кетиши кузатилмади. Ушбу тадбиркорлик субъектлари савдо тушумларининг тўлиқ ҳисоб рақамлари орқали айланишини таъминлаш, ишчи ва ходимларнинг бандлигини расман таъминлаб, иш ҳақи тўловларини расмий равишда тўлаб боришса, бюджетга солиқ ва бошқа тўловларни тўлаб боришса, бу иқтисодиёт учун ҳам, жамият учун ҳам ҳамда корхонанинг ўзи учун ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси ахборот хизмати.