Дубай амирлиги тахти вориси Ўзбекистонда тувалоқ овлади

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Дубай амирлигининг тахт вориси Шайх Ҳамдан ибн Муҳаммад Ал-Мактум бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Навоий вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси хабар берди.

Шаҳзода Ҳамдан ибн Муҳаммад лочин билан ов қилиш мақсадида Навоий шаҳрига учиб келди. У ҳар йили Навоий вилоятига ов қилиш мақсадида ташриф буюради.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликдаги чўл ҳудудида 300 гектар ер майдонни эгаллаган “Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази” (АЙТАМ) жойлашган.

Қушларни ёввойи табиатга учириш мавсуми асосан сентябрь-октябрь ойлари ҳисобланади. 2012 йилдан шу вақтга қадар марказ томонидан табиатга 10 мингга яқин йўрға тувалоқ ёввойи табиатга учирилган.

Шаҳзода Ҳамдан бошчилигидаги делегация лочинлар билан шу ҳудудда тувалоқларни овлади ва бу ҳақдаги видеолавҳани Твиттер саҳифасига жойлаштирди.