Дунё стоматологлари Самарқандга келди

Самарқанд шаҳрида "Стоматологик касалликлар профилактикаси ва даволашдаги замонавий ёндашувлар" мавзусида халқаро стоматологлар конгресси бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Стоматологлар ассоциацияси ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети томонидан ташкил этилган конгрессда республикамиз ҳамда АҚШ, Россия Федерацияси, Франция, Болгария, Миср, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби ўндан зиёд мамлакатлардан 300 дан ортиқ соҳа вакиллари иштирок этди.

Конгресс доирасида стоматологиянинг долзарб муаммолари, янги илмий ва амалий ютуқлар акс этган маърузалар, замонавий стоматологик технология ва жиҳозлар билан йигирмага яқин маҳорат дарслари ташкил этилди. Жумладан, “Соматик касалликларнинг олдини олиш стоматологик профилактика сифатида”, “Периодонтологияда рақамли ечимлар ва клиник кўникмаларнинг синергияси”, Субпериостал имплантлар – ўтмиш, бугун ва келажак”, “Замонавий стоматологияда микроскопларнинг ўрни” ва бошқа шу каби мавзулар юзасидан маърузалар тингланиб, фикр ва мулоҳазалар алмашилди.