Дунё воқеалари қисқа сатрларда: АҚШда ишдан четлатилган спикер ўрнига Трамп тавсия этилмоқда, Туркияда 900 киши ҳибсга олинди, Илон Маск яна энг бой одам
🔻 АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси тарихда иккинчи бор спикерни ишдан бўшатди. Палата аъзолари республикачи Кевин Маккарти спикерлик лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлади. Қайд этилишича, Маккарти қайта сайланиш учун курашмайди.
🔻 Конгрессмен (республикачи) Трой Нелс Вакиллар палатаси спикери лавозимига Трамп номзодини илгари сурмоқда.
🔻 Тоғли Қорабоғда тан олинмаган республиканинг уч нафар собиқ президенти қўлга олинди. Шунингдек, республика парламентининг собиқ спикери Давид Ишханян ҳам ҳибсга олинган. Тергов қайси моддалар бўйича олиб борилаётгани аниқ эмас.
🔻 Россияда доллар курси 14 августдан бери илк бор 100 рублдан ошди. Доллар 0,49 фоизга қимматлашган ва 100,23 рублни ташкил қилган.
🔻 Туркия хавфсизлик кучлари кенг кўламли операция доирасида 900 дан ортиқ кишини терроризмга алоқадорликда гумон қилиб қўлга олган. Шунингдек, Анқарадаги Ички ишлар вазирлиги биноси ёнида теракт уюштирган худкуш-террорчи шахси аниқланди, у республикада тақиқланган Курдистон ишчилар партияси аъзоси бўлиб чиқди.
🔻 Америкалик миллиардер Илон Маск яна сайёрадаги энг бой одамга айланди. Октябрь ойида SpaceX ва Tesla асосчисининг бойлиги 252,6 миллиард долларга баҳоланган. У бойлиги 187,6 миллиард долларга баҳоланган Бернард Арнони иккинчи ўринга туширди.
🔻 Зеленский фронтга ташриф буюрди. У Харьков вилоятига иш сафари чоғида Купянск-Лиман участкасида жанговар топшириқларни бажараётган бригадалар жойлашган жойга келган.
🔻 Европада кўчмас мулк нархи сўнгги 9 йил ичида биринчи марта кескин равишда тушди.