Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Эрон ресурслари учта атом бомбасини яратишга етиши маълум қилинди

🔻 Исроил Ал-Шифа касалхонасини қўлга киритиб, тўлиқ назоратга олганидан сўнг Ғазодаги операцияларни вақтинча тўхтатишни кўриб чиқмоқда. Агар шундай пауза ҳолатида ҲАМАС фаоллашса, Исроил томони зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни давом эттиради. Исроил 15 ноябрга ўтар кечаси “нуқтали операция” ўтказиш учун Ал-Шифа касалхонасига кирган.

🔻 Сўнгги маълумотларга кўра, ҲАМАС ҳаракати минтақада ўт очишни тўхтатиш эвазига 50 нафар гаровга олинганларни озод қилишга рози бўлган.

🔻 Эрон олий раҳбари Сайид Али Ҳумайний ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳанияни огоҳлантирди. Ноябрь ойи бошида Теҳронда бўлиб ўтган учрашув чоғида Ҳумайний ҲАМАС етакчисига очиқча: “Сиз бизни 7 октябрь куни Исроилга ҳужумингиз ҳақида огоҳлантирмадингиз ва биз ўрнингизга урушга бормаймиз” деган. Шунингдек, Ҳумайний Эрон ҲАМАСга сиёсий ва маънавий ёрдам беришда давом этишини таъкидлаган.

🔻 АҚШ Сенати 14 ноябрь куни Вакиллар палатаси томонидан маъқулланган Исроил ва Украинага ёрдам бермасдан мамлакат федерал ҳукуматини молиялаштиришни давом эттириш режасини қабул қилди. Кейин қонун лойиҳаси имзо учун АҚШ президенти Жо Байденнинг столига йўл олган.

🔻 Эрон етарли 60 фоизгача бойитилган уранга эга бўлиб, учта атом бомбасини яратиши мумкин. Айтилишича, Эроннинг бойитилган уран захираси шу йил сентябридан буён 6,7 килограммга ошиб, 128,3 килограммга етган. Эрон президенти Иброҳим Раисий мамлакат уранни 60 фоизгача бойитаётганини, бироқ бу ҳаракатлар ядровий қурол яратишга қаратилгани йўқлигини таъкидлаган.

🔻 Санкт-Петербургда ЛДПРнинг марҳум етакчиси Владимир Жириновскийнинг курткаси кимошди савдосига қўйилди. Аукцион уйига кўра, бошланғич нархи 200 минг рублни ташкил этган.

🔻 Оқ уй: АҚШнинг Украинага бераётган ёрдам пакетлари Конгресс томонидан келишилган маблағлар тугаши туфайли қисқармоқда

🔻 АҚШ президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхуга АҚШ нуқтаи назаридан Ғазо секторининг Исроил томонидан босиб олиниши хато бўлишини ва мустаҳкам тинчликка эришишнинг ягона йўли "икки давлат" формуласи бўлиб қолишини тушунтирди.

🔻 Чехия Бош вазирининг таъкидлашича, Россия мамлакатдаги ўзига тегишли кўчмас мулкка эгалик қила олмайди, шунингдек мамлакатнинг ҳисоб қайдномаларидан фойдаланиши тақиқланади.