Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Ғазода қуруқликдаги операция бекор қилиниши мумкин. Туркия Швециянинг НАТОга кириши баённомасини имзолади...
🔻 Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқликдаги операцияси гаровга олинганларнинг озод этилиши туфайли кечиктирилиши ёки "ярим йўлда" тўхташи мумкин. Кеча ҲАМАС гаровга олинган иккита исроиллик аёлни озод этган. Ташкилот икки фуқароликка эга яна 50 нафар гаровга олинганларни озод қилиши мумкин. АҚШ Исроилдан Ғазодаги операцияни кечиктиришни сўраган. Айни пайтда 220 дан зиёд исроиллик гаровда сақланмоқда.
🔻 Эрдўғон Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни имзолади ва уни ратификация қилиш учун Туркия парламентига юборди.
🔻 Россия Мудофаа вазирлиги назорати остидаги "Редут" хусусий ҳарбий компанияси Украинадаги урушга жўнатиш учун "Борз" кўнгиллилар батальонига аёлларни жалб қилишини эълон қилди.
🔻 Венгрия яна Украинага 500 миллион евролик ҳарбий ёрдам ажратилишига тўсқинлик қилди. ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украинага Европа тинчлик жамғармасидан 500 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам транши ажратиш бўйича келиша олмади. Венгрия ҳукумати Украинага ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги транши ажратилишини маъқулламади ва буни тинчлик фонди маблағларидан Болқон ва Шимолий Африкада фойдаланиш мумкинлиги билан асослади.
🔻 Туркиянинг Муш-Бурса йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус Пинарбоши-Гурюн йўлининг 70-километрида ағдарилиб кетган. Ҳодиса оқибатида 38 киши жароҳатланган.
🔻 Рио-де-Жанейродаги энг йирик жиноий тўда аъзолари полиция рейдида раҳбари йўқ қилингач, камида 35 автобус ва поездни ёқиб юборишган. Ҳибсга олинганлар террорчиликда айбланади.
🔻 Москва биржасида доллар курси 12 сентабрдан бери илк бор 94 рублгача пасайди.