Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Исроил қуруқликдаги операция кечикиши сабабини айтди. Покистон собиқ бош вазири гаров эвазига озод қилинди.
🔻 Ғазога ракета ҳужумлари давом этмоқда. Ҳудуднинг бир кунлик ўққа тутилишида 60 га яқин одам ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳат олган.
🔻 Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэн БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувдан бош тортди. Аввалроқ Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ХАМАСнинг Исроилга ҳужуми ўз-ўзидан содир бўлмагани, Фаластин халқи 56 йилдан бери ишғол остида эканини айтган. Гутерришнинг бу баёнотидан кейин Исроил БМТ билан муносабатларини баҳоламоқчи. Улар БМТ Бош котибини терроризмни оқлашда айблаб, сўзлари учун кечирим сўрашга ёки истеъфога чиқишга чақирмоқда.
🔻ОАВ Украина қуролли кучлари Россия чегарасига яқинлашгани ҳақда хабар бермоқда.
🔻Ўтган етти кун давомида АҚШ ва коалиция кучлари Ироқда 10 марта, Сурияда эса уч марта ҳужумга учраган. Аввалроқ шиа гуруҳлари АҚШдан ўз қўшинларини Ироқ ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлардан олиб чиқиб кетишни талаб қилганди.
🔻Исроил бош вазири Бенямин Нетаняхунинг собиқ маслаҳатчиси Бенни Брискин мамлакат Ғазо секторида қуруқликдаги операция бошланишини нима учун кечиктираётганини тушунтирди. "Биз америкаликлар билан доимий равишда жуда яқин алоқадамиз. Менимча, ердаги операция кечикиш сабабларидан бири айнан шу алоқалардир", деди у. Аввалроқ АҚШ Исроилдан қуруқликдаги операцияни бошламай туришни сўраган эди.
🔻Чернобиль АЭСдаги авария гувоҳларидан бири бўлган 75 ёшли Виктор Смагин ўз жонига қасд қилди. Чернобиль ҳалокати оқибатларини бартараф этувчиси столида унинг сўнгги бошидан кечирганлари ва кечирим сўраган хати қолган. Нурланиш билан касалланган Смагин еттита операцияни бошидан кечирган.
🔻 Покистоннинг собиқ бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф гаров эвазига озод қилинди. 2013-2017 йилларда Покистон ҳукуматини бошқарган Шариф коррупцияда айбланиб, судланган эди.
🔻ЖССТ Ғазодаги оғир соғлиқ вазиятидан хавотир билдирмоқда. Ташкилот тиббиёт муассасаларига зарур воситаларни хавфсиз етказиб беришга чақирмоқда. Хавфсизлик кафолатлари йўқлиги сабабли, ёқилғи ва ҳаётий зарур тиббий воситалар Ғазо шимолидаги йирик шифохоналарга етказилмаяпти.
🔻 Татаристон раҳбари Қуръонни ёқиб юборган маҳбусни қандай калтаклаганини айтиб берган Рамзан Қодировнинг ўғлига орден топширди. 15 ёшли Адам Қодиров “миллатлараро ҳамда конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун” тақдирланган.