Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Тель-Авив аэропорти ёпилди, Эрон Яқин Шарқдаги урушга аралашиши мумкин, Эквадорда энг ёш президент сайланди, Путин АҚШни огоҳлантирди
🔻 Тель-Авивдаги "Бен-Гурион" халқаро аэропорти ракета ҳужумига учради. Парвозлар тўхтатилган.
🔻 Нетаняху ҲАМАСни йўқ қилиш ваъдасида қатъий, Ғазодаги гуманитар вазият ўта оғир. Исроил қўшинлари Ғазо сектори чегаралари яқинида тўпланишда давом этмоқда.
🔻 Эрон расмийлари ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги вазият янада кескинлашишини истамаса-да, бироқ Исроил армияси Ғазо секторида қуруқликдаги операцияни бошласа, вазиятга аралашишга мажбур эканлигини маълум қилди.
🔻 Исроил-Фаластин можаросида қурбонлар сони ортиб бормоқда: Исроилдан ҳалок бўлганлар сони 1400 кишига етди, Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 2,7 мингдан ошди. Фаластин-Исроил можаросининг кучайиши натижасида 30 АҚШ фуқароси ҳалок бўлгани айтилмоқда.
🔻 Кеча Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида содир бўлган зилзила оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, 125 киши жароҳатланган. Шунингдек, Эроннинг Хузистон провинциясида ҳам 5,3 магнитудали зилзила рўй берган.
🔻 Эквадордаги президентлик сайловларида мамлакат тарихидаги энг ёш президент сайланди. Сайловда “Миллий демократик ҳаракат” альянси номзоди, 35 ёшли Даниел Нобоа ғалаба қозонди. Унинг отаси Эквадорнинг энг бой одамларидан.
🔻 Владимир Путин АҚШ Конгресси комиссиясининг Америка ҳукуматига Россия ва Хитой билан бирваракайига урушга тайёргарлик кўришни тавсия қилган ҳисоботига изоҳ берди: "Агар Қўшма Штатлар Россия билан жанг қилмоқчи бўлса, бу Украинадаги "махсус ҳарбий операция" каби эмас, балки бутунлай бошқача уруш бўлади".
🔻 АҚШ президенти Жо Байден иккинчи муддат мақсадларини айтди: Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилиш ва Россия раҳбариятини бостириш. Унинг таъкидлашича, сўнгги жаҳон инқирозлари ва Вакиллар палатаси фаолият кўрсатмасдан қолаётган Қўшма Штатлардаги муаммолар фонида у яна номзод бўлиш қарорини ўзгартирмаган.
🔻 Хитой банки директорлар кенгашининг собиқ раиси Лю Ляньгэ ноқонуний кредитлар беришда порахўрликда гумонланиб ҳибсга олинди. Собиқ амалдор мамлакатдаги энг йирик банклардан бирида партия котиби лавозимини ҳам эгаллаган.
🔻 Пекинда Исроил элчихонаси ходимига ҳужум уюштирилди, у касалхонага ётқизилган.