Дунёдаги пўлат конструкциядан ясалган машҳур бинолар

Бу бинолар ўзига хос ва зўр таассурот қолдирадиган иншоотларни яратиш мақсадида фақат металл конструкциялардан фойдаланиш мумкинлигининг ажойиб мисолидир. Қурилишнинг технологик ривожланиш намунаси сифатида хизмат қиладиган бу иншоотлар дизайни, мустаҳкамлиги ва кенг қўлланилиши билан ҳайратда қолдиради.

Париждаги Эйфель минораси

1889 йилда қурилган Париж ва бутун Франциянинг рамзи - Эйфель минорасининг баландлиги 324 метр. Тўртта оёқдан иборат унинг асосий тузилиши тепада бир нуқтада бирлашиб, пирамидани ташкил этади. Минора қурилишида оғирлиги 10 минг тоннадан ортиқ 18 мингдан зиёд металл элементлар ишлатилган. Иншоотнинг улуғворлиги ва улкан ўлчамларига қарамай, минора енгил ва шаффоф кўринади.

Пекиндаги "Қуш уяси" стадиони

Ушбу ажойиб иншоот 2008 йилда Ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилиши учун қурилган. Стадион қуш уясини эслатувчи ноёб дизайнга эга. Иншоот қурилиши учун беш йил ва 42 минг тонна пўлат керак бўлди. Шундан сўнг у дунёдаги энг катта пўлат конструкцияга айланди.

Бино икки - ташқи ва ички қатламдан иборат. Ташқи қисми бир-бирига ўзаро боғланган пўлат тўсинлардан, ички қисми бетон деворлар ва терассалардан иборат. Ушбу конструкция 200 км/соат тезликдаги шамоллар ва Рихтер шкаласи бўйича 8 баллгача бўлган зилзилаларга бардош бера олади.

Дубайдаги Бурж Халифа

Металл конструкциядан ясалган баландлиги 828 метр, 163 қаватли дунёдаги энг баланд осмонўпар пўлат бино очилиши 2010 йилда бўлган эди.

Иншоот пойдевори узунлиги 45, диаметри 1,5 метр бўлган 200 га яқин осилган қозиқлар ёрдамида қурилган. Бино қовурғаларини қуриш учун 60 минг тонна пўлат арматурадан фойдаланилган.

Москвадаги Останкино телеминораси

Европадаги энг баланд ва дунёдаги энг баланд телевизион иншоотлардан бири 1967 йилда қурилган. Миноранинг баландлиги 540 метр, металл каркасининг оғирлиги 55 минг тоннадан ошади.

Лос-Анжелесдаги Уолт Дисней концерт зали

Футуристик шаклли концерт залининг қурилиши 2003 йилда қуриб битказилди. Фасаддаги металл конструкциялар қуёшда порлаб, сузиб юрувчи кемани эслатади. Елканлар зангламайдиган пўлатдан ясалган. Уларнинг тепаси ва ичида деразалар ва ёруғлик люклари жойлаштирилган. Дастлаб тош қоплама билан безалиши режалаштирилган фасад кейинчалик янада енгилроқ ва арзонроқ қоплама - зангламайдиган пўлатга алмаштирилди.

***

Меъморлар металл конструкциялар асосида яратилган, кўп вақт давомида ўзининг гўзаллиги ва нафислиги билан ҳайратга соладиган мана шундай биноларни яратишга муваффақ бўлишди.

Бу темир бинолар кедажакда ҳам бир неча авлодни ҳайратда қолдириб келиши шубҳасиздир. Бироқ, мукаммалликнинг чегараси йўқ. Эндиликда қурилишда янги, бақувват, экологик тоза, коррозияга чидамли ва бардошли материаллардан фойдаланиш йўлларини излаш фаол давом этмоқда.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.