Дунёдаги воқеалар қиска сатрларда...
🔻 Россиянинг Харьков области Гроза қишлоғини ўққа тутиши оқибатида камида 51 киши ҳалок бўлган, 6 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам бор. Отишма вақтида қишлоқ кафесида дафн маросими бўлганлиги сабабли кўп одам тўпланган. Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумни "қасддан террор ҳужуми" ва "шафқатсиз Россия жинояти" деб атади.
🔻 Қирғизистонда "мамлакатда энг қудратли жиноий гуруҳ раҳбари" Коля Киргиз (Қамчи Асанбек) Бишкек марказида ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилган.
🔻 Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси таркиби Суриянинг марказий қисмидаги “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси позицияларини эгаллашмоқда. Вагнерчилар Сухна ва бошқа жойларда ўз позицияларидан чиқиб кетгач, уларда Эрон ҳарбийлари жойлашган.
🔻 Нигерда жойлашган француз қўшинлари бир ҳафта ичида Африка мамлакатини тарк эта бошлайди.
🔻 Суриянинг Хомс шаҳридаги ҳарбий коллежга қилинган дронлар ҳужуми оқибатида қарийб 100 киши, жумладан 6 нафар бола ҳалок бўлган, 240 киши жароҳатланган. Ҳужум ҳарбий хизматчилар ва уларнинг яқинлари иштирок этган битирув маросими вақтида содир бўлган. Маросимда Сурия Мудофаа вазири Али Маҳмуд Аббос ҳам иштирок этган. Агентлик маълумотларига кўра, у дрон ҳужумидан бир неча дақиқа олдин тадбирни тарк этган. Сурия ҳукумати қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилган.
🔻 Қозоғистонда жиноий гуруҳларни кенг кўламли қўлга олиш операцияси ўтказилмоқда. Операция республика Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
🔻 Владимир Путин тергов маълумотларига таяниб, тадбиркор Евгений Пригожиннинг самолётига ҳеч қандай ташқи таъсир бўлмагани, жасадларда граната бўлаклари топилгани, шунингдек, Пригожин компаниясининг Санкт-Петербургдаги офисидан 10 миллиард рубль нақд пул ва беш килограмм кокаин топилганини айтди.
🔻 Кениялик 100 дан ортиқ мактаб ўқувчи-қизлар сирли касаллик билан касалхонага ётқизилган. Уларнинг оёқлари фалаж бўлиб қолган, айримлари ҳаракат қилишда қийналмоқда. Дастлабки қон текширувлари ўқувчиларда электролитлар даражаси ошгани, яъни танада суюқлик йўқолаётганини кўрсатган.