Дурдона Ҳакимованинг ўлими ва турк аёлларининг бунга муносабати бўйича туркиялик фаоллар билан суҳбатлашдик
Яқинда Туркияда 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимованинг ваҳшийларча ўлдирилиши ва чиқинди қутисига ташлаб кетилиши ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Ҳодиса ортидан ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар гумонланувчиларни қўлга олди, шу билан бирга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар Истанбул ва Анқара кўчаларида тинч намойишлар ўтказди.
Бу фожиа Туркияда жамиятни ларзага солди. Минглаб аёллар кўчаларга чиқди. «Эркаклар зўравонлиги тўхтатилсин», «Аёллар учун адолат талаб қиламиз», «Муҳожир аёллар ёлғиз эмас» деган шиорлар янгради. Фақат Истанбулнинг ўзида 1000 дан ортиқ инсон норозилик маршида иштирок этди. Анқарада ҳам юзлаб одамлар йиғилди.
Намойиш иштирокчилари зўравонликка қарши курашиш, аёллар хавфсизлигини таъминлаш ва бундай жиноятларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратишни талаб қилди. Нафақат туркиялик аёллар, балки муҳожир хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларига ҳам бефарқ бўлмаган, Туркиядаги “KADEM” Аёллар ва демократия ассоциацияси раҳбари Зеҳра КАЯ хоним билан шу масала ҳақда суҳбатлашдик.
- Яқинда ўзбекистонлик аёл Дурдона Ҳакимованинг ваҳшийларча ўлдирилиши Туркияда катта резонанс келтириб чиқарди. Муҳожир аёлларнинг ҳаётида бу каби воқеалар сиз бошчилик қиладиган ташкилот томонидан ўрганиладими?
- Биз, Аёллар ва демократия ассоциацияси сифатида аёлларга нисбатан зўравонликнинг барча ҳолатларида яқиндан иштирок этамиз. Айниқса, жамоатчиликнинг ғазабини қўзғатадиган зўравонлик ва қотиллик ҳолатларида жабрланувчининг этник келиб чиқишидан қатъий назар суд жараёнида иштирок этиш орқали ўз муносабатимизни билдирамиз. Истанбулда ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг шафқатсизларча ўлдирилиши ҳақида эшитганимиз заҳоти ижтимоий тармоқларда бу ҳолатга нисбатан ўз муносабатимизни билдирдик, Twitter va Instagram каби тармоқларда жиноятчи албатта ушланиши лозимлиги бўйича хабарлар жойлаштирдик.
- Туркиялик аёлларнинг бу воқеага бефарқ бўлмасдан намойиш ўтказиши ўзбекистонлик хотин-қизларни руҳлантирди. Бу ҳолатлар қандай натижаларни беради, деб ўйлайсиз?
- Аёллар ҳуқуқлари масалалари нафақат маълум бир минтақанинг, балки бутун дунёнинг муаммосидир. Ачинарлиси, биз, аёлларга нисбатан зўравонлик иқтисодий жиҳатдан ривожланган жамиятларда ҳам давом этаётганини кўряпмиз. Бу муаммонинг ечими хабардорликни оширишда. Туркияда аёлларнинг бу қотилликка нисбатан муносабати жуда муҳим, аммо етарли эмас. Биз илмий-маданий доиралардан тортиб, ҳуқуқ ва фуқаролик фаолларигача бўлган аҳоли қатламлари ўртасида гендер тенгликни таъминлаш орқали бу хабардорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, биз 8 март ва 25 ноябрь кунлари огоҳлик кампаниялари орқали жамиятнинг ижобий томонга ўзгаришини тезлаштиришга уриняпмиз. Ўзбекистон билан ҳам бу масалада ҳамкорлигимиз бор. Хусусан, Бухоро техника университетида “Оилани мустаҳкамлашга асосланган давлат сиёсати” халқаро конференцияси илмий ҳамкорлигимизнинг бир қисмидир. Ушбу конференция 16-17 февраль кунлари Истанбулда давом этади. “KADEM” ташкилотимиз сифатида бу масаладаги қарашларимиз ва тамойилларимизни “Аёллар ҳуқуқлари тамойиллари декларацияси” билан бутун дунёга эълон қилдик.
- Ташкилотингиз томонидан зўравонлик, тазйиққа учраган ўзбек аёлларига ҳам хизматлар кўрсатилганми?
- Ҳозирда Туркиянинг бешта шаҳрида фаолият юритаётган “KADEM” аёлларни қўллаб-қувватлаш марказларига мурожаат қилаётган барча аёлларга ёрдам кўрсатади. Ҳозирга қадар Истанбулнинг Эдирнекапи шаҳридаги аёлларни қўллаб-қувватлаш марказимизга уч нафар ўзбекистонлик аёллар мурожаат қилган. Биз уларга зарур ёрдамни кўрсатдик ва уларнинг эҳтиёжлари учун йўл харитасини яратиб бердик. Мижозлар шахси сир тутилгани учун уларнинг исми ва мурожаат этиш сабабларини ошкор қила олмаймиз.
- Онлайн бўлса-да, суҳбатлашишга рози бўлганингиз ва маълумотлар билан бўлишганингиз учун ташаккур! Хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолиятингизга омад тилаймиз.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.