ЕИ томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларга яна олти давлат қўшилди
Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан Қрим туфайли Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларга яна олти нафар давлат қўшилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги, ЕИнинг ташқи сиёсат хизматига таянган ҳолда маълум қилди.
ЕИнинг ҳамкор давлатлари, Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни яна бир йилга узайтирилиши тўғрисидаги ЕИ Кенгаши қарорига қўшилишини тасдиқлади.
“Черногория ва Албания - номзод мамлакатлар (ЕИга қўшилишга), Европа эркин савдо ҳудуди аъзолари Норвегия ва Исландия, шунингдек Украина ва Грузия ЕИ Кенгашининг 2020 йил 18 июнда қабул қилинган санкциялар муддатини 2021 йил 23 июнга қадар узайтириш тўғрисидаги қарорига қўшилишларини эълон қилдилар”, - дейилган хабарда.
Мазкур давлатларнинг барчаси, 2014 йилда шакллантирилган ва Россия Федерациясига нисбатан жорий этилган Европа санкциялар тизимига қўшилишга рози бўлдилар. 2014 йилдан буён Қрим туфайли Россияга нисбатан санкциялар жорий этилиб келинмоқда. Жорий йилда ЕИ Туркияни ҳам санкцияларга қўшилишига умид боғлаган эди, бироқ расмий Анқара рад жавобини берди.
АҚШ, Европа Иттифоқи ва бир қатор бошқа мамлакатлар томонидан Россияга қарши санкциялар, 2014 йилда Қрим Россия таркибига қўшиб олинганидан ва Украина жанубий-шарқидаги вазият кескинлашганидан сўнг жорий этилди. Брюссел томонидан Москвага нисбатан тадбиқ этилган иқтисодий чекловлар муддати мунтазам узайтириб келинмоқда.