Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси 18 миллион сўм тўлайди

Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг тегишли ҳужжати бор.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг вилоят бошқармаси ахборот-коммуникация технологияларни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Б.Ф. устама тўловларини тўлаб бериш юзасидан бир неча бор муассаса ҳисобчилари билан баҳслашган. Бироқ бу масала адлия идоралари аралашувига қадар ижобий ечим топмаган.

Вилоят адлия бошқармасига мурожаатни ўрганишда тўпланган ҳужжатларга кўра, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг 2024 йил 5 январдаги 5-ШТ-сонли буйруғига асосан Б.Файзуллаев бошқарманинг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича бош мутахассиси лавозимига ўтказилган.

Президентимизнинг 2018 йил 19 февралдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларга бериладиган ҳар ойлик устама миқдори давлат бюджетидан ажратилмаган бўлса, ушбу ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланиши кўрсатилган.

Фуқаро Б.Ф.нинг иш ҳақи ҳужжатларидан 2024 йил январь-сентябрь ойлари учун лавозим маошининг 100 фоизидан келиб чиқиб ҳисобланганда 18 миллион 439 минг 909 сўм ҳар ойлик устама пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Баён этилганларга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритилиб, мазкур суднинг тегишли қарори билан вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳисобидан фуқаро Б.Ф.га тўланмаган 18 миллион 439 минг 909 сўм ҳар ойлик устама пуллари тўланиши таъминланди.

Акмал Жовлиев,

вилоят адлия бошқармаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шуъбаси бошлиғи.