Экспортни кўпайтириш учун нима халақит беряпти?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 12 ва 14 август кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, бу борада тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга амалий ёрдам бериш юзасидан вазифалар белгиланган эди.
Бу бежиз эмас албатта. Чунки, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш орқали юртимизга киритиладиган валюта тушуми ортади, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот чиқаришга эришилади, корхона иқтисодий барқарорлиги таъминланади ва энг муҳими, юртимизда янги иш ўринлари яратилади, ишсизлик даражаси камаяди. Дунё тажрибаси ҳам шундай – ҳеч бир давлат импорт билан ривожланмайди, экспорт орқали жаҳон давлатлари орасида ўз ўрнига эга бўлади, иқтисодиёти барқарорлигига эришади.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг Ургут туманидаги экспортёр корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар билан учрашуви ҳам ана шу мезондан келиб чиқиб ташкил этилди.
Учрашувда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 декабрдаги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими яратилгани таъкидланди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, 205 номдаги товарларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш йўлга қўйилди.
– Бундай реал, амалий чора-тадбирлар албатта ўз самарасини бермоқда – деди Э.Турдимов. – Экспорт билан шуғулланадиган субъектлар сафига янги корхоналар қўшилмоқда, экспорт географияси кенгаймоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятимиздан дунёнинг 62 давлатига товар ва хизматлар экспорт қилинди. Энг йирик экспорт ҳамкорларимиз қаторида Россия (27 фоиз), Қозоғистон (11,6 фоиз), Туркия (8,2 фоиз), Хитой (7,1 фоиз), Эрон (5,9 фоиз) ҳамда Афғонистон (5,1 фоиз) ўрин олди. Шу ва бошқа давлатларга йил бошидан буён 133,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Лекин бизда бу кўрсаткичларни янада ошириш имконияти мавжуд бўла туриб, бундан самарали фойдаланмаётганимиз ҳам ҳақиқат. Албатта, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Ана шу сабаблар ҳақида фикрлашиш, юзага келаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида ушбу учрашув ташкил этилди.
Учрашувда 300 нафарга яқин тадбиркор, экспортёр корхоналар вакиллари иштирок этиб, фаолиятларида дуч келаётган муаммолар юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилди. Ҳар бир масала вилоятдаги мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиб, ечим изланди. Экспортбоп маҳсулотлар захирасини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, кредитлар ажратиш бўйича масъул мутасаддиларга аниқ муддат билан вазифалар юкланди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.