Электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларининг манзилли рўйхати нега эълон қилинмайди?
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси ташаббуси билан 2021 йил Давлат дастурининг вилоятдаги ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
Унда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури белгиланган вазифалар ижроси юзасидан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутасаддиларининг ахбороти тингланди.
Таъкидланишича, 2021 йил Давлат дастурида назарда тутилган паст ва ўрта кучланишли электр тармоқлари ва трансформаторларни босқичма-босқич янгилаш бўйича вилоятдаги 856 та объектда 1159,2 километр электр узатиш тармоғини, 309 дона трансформатор пунктини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари режалаштирилган. Ҳозиргача 126 объектда 172,1 километр электр узатиш тармоғи ва 91 дона трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинган, 4314 дона темир-бетон устуни ўрнатилган.
Жамоатчилик эшитувида депутатлар эскирган симёғочлар, трансформатор пунктларининг алмаштирилиши билан боғлиқ аниқ маълумотлар электр тармоқлари корхонасининг ахборот манбаларида мавжуд эмаслиги, электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларининг манзилли рўйхатини эълон қилиш юзасидан таклиф билдирди. Таклиф “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ мутасаддилари томонидан қабул қилиниб, тез орада маълумотлар корхона сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирилиши маълум қилинди.
Шунингдек, тадбирда Давлат дастурига асосан ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш, 2021-2023 йилларда "Ёшлар уйи"ни қуриш борасида бажарилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳам ўртага ташланди.
Қайд этилишича, ҳозир вилоятда 77 та ёш оила 2019 йил ҳисобида уй-жой билан таъминланмаган, жорий йил ҳисобидан қуриладиган уйлардан уларга ажратиш кўзда тутилган.
Илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда, автомобиль йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар ўтиш жойларининг замонавий светофорлар билан таъминланганлик даражасини босқичма-босқич ошириш орқали ўлим ҳолатларини қисқартириш вазифаси қўйилган бўлса-да, вилоятда жорий йил йўл-транспорт ҳодисалари сони 42,9 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 32,4 фоизга ошган.
Жамоатчилик эшитуви иштирокчиларининг фикрича, бу ҳолатга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилиниши ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилиши лозим. Жумладан, автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларнинг (хусусий автомактаблар) фаолияти бўйича жамоатчилик назорати тартибида ўрганишни амалга ошириш, улар фаолиятини таҳлил қилиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонларни шаффоф ҳамда холисона ташкил этиш таклифлар ишлаб чиқилиши керак.
“Юксалиш” уммуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси ахборот хизмати.