Эммануэль Макрон Туркия сиёсатини танқид қилди
Туркия Шарқий Ўртаер денгизида бундан кейин Франциянинг ҳамкори эмас, Ражаб Тоййиб Эрдўғанннинг хатти-ҳаракатлари номуносиб. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэль Макрон матбуот анжуманида маълум қилди.
“Туркия ушбу ҳудудда ортиқ ҳамкоримиз эмаслиги аниқ”, қўшимча қилди у.
Франция етакчиси Туркия Ливия билан Грециянинг қонуний ҳуқуқларини рад этувчи битим имзолаганини таъкидлади. Макроннинг сўзларига кўра, Туркиянинг махсус Кипр эркин иқтисодий зонасида олиб бораётган бурғулаш ишлари номуносиб ҳаракат бўлиб, у (Туркия) катта давлатга ярашмайдиган ҳаракатларни амалга оширмоқда.
“Биз европаликлар, турк халқига нисбатан эмас, номуносиб хатти-ҳаракатлар амалга ошираётган Эрдўған ҳукуматига нисбатан ўзимизни аниқ ва қатъий тутишимиз керак”, деб таъкидлади Макрон.
Туркиянинг “Оруч Реис” кемаси Греция ўзининг махсус эркин иқтисодий зонаси, деб ҳисоблаган Шарқий Ўртаер денгизида сейсмик тадқиқотлар бошлагани сабабли сўнгги ҳафталарда Афина ва Анқара ўртасидаги муносабатлар зиддиятли тус олди. Греция Қуролли кучлари жанговар шай ҳолатга келтирилди.
Туркия ва Греция бир-бирини денгиз ҳудудлари делимитацияси бўйича бошқа томон манфаатлари ҳисобга олинмаган ноқонуний битимлар имзолашда айбламоқда.