Энди йўловчи ташишга лицензия олишда солиқ идораларига боришга ҳожат йўқ

Яқин вақтларгача тайинли иш топа олмай, норасмий тарзда йўловчи ташиш билан шуғулланишга мажбур бўлган шахслар эндиликда ушбу иш фаолиятини қонунийлаштириб, ўзини ўзи банд қилмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги «Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида»ги қарори билан соҳада ана шундай янги қулайликлар жорий этилди. Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилди.

Бунинг учун фуқаро лицензия олиши талаб этилади. Лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинган бўлиб, мазкур фаолият билан шуғулланувчилар бир йилда бир маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши, «Ўзтранс» ахборот тизимига киритилган кўп тармоқли поликлиникалар ва хусусий тиббиёт муассасалари орқали бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши шарт.

Автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти учун лицензия олувчи шахс аввал солиқ идоралари орқали ўзини ўзи банд қилиши талаб этиларди. Энди бу оворагарчиликка барҳам берилди. Яъни, автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензия олувчилар давлат хизматлари марказининг ўзида ёки  my.gov.uz портали орқали хоҳишига кўра, компазит тартибда ўзини-ўзи банд қилган ҳолда лицензияга ариза юбориши мумкин. Шундай қилиб, фуқароларнинг битта лицензия учун икки эшикни тақиллатишига ҳожат қолмади. Ариза икки иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламент асосида автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Бундан ташқари, тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти ҳам лицензияланиши керак. Бунда муҳим жиҳати шуки, лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмайди. Ариза берувчи бу борада Давлат хизматлари маркази ёки онлайн шаклда мурожаат қилади.

Ушбу жараёнда давлат хизматларини кўрсатганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ва фаолиятни амалга ошириш юзасидан лицензия варақаларини бериш учун «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунда белгиланган миқдорларда давлат божи ундирилади. Йўналишсиз такси фаолияти масаласига келсак, бу учун лицензия варақаси берилганида давлат божи барча турдаги ташувчилардан фақат йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди.

Жорий йилнинг 9 ойида Самарқанд шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари марказига мазкур масалада 8 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Фуқаролар мазкур хизматдан «Фуқаро эътибор марказида» тамойили асосида қулай ва осон фойдаланишмоқда.

Ҳазрат Мейлиқулов,

Самарқанд шаҳар ДХМ бош мутахассиси.