Ер майдони ўзлаштирилган боғча. Ёки парламент қуйи палатаси вакили нималарга гувоҳ бўлди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Компольщик регламент талабларига асосан, ўзи сайланган округ ҳудудида бўлиб, бу ерда таълим-тарбия жараёни, хусусан, мавжуд шарт-шароитлар билан танишди.

Самарқанд шаҳридаги 43-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби янги таъмирдан чиққанига қарамасдан камчилик ва муаммолари етарлича экан.

Бу ерда, аввало, педагоглар билан учрашув, сўнгра мактабнинг барча хоналарини айланган депутатга биология, кимё ва физика фан кабинетлари, лаборатория хоналари йўқлиги, болалар спорт майдончасининг талабга жавоб бермаслиги, рус синфлари учун фан ўқитувчиларининг етишмаслиги билдирилди.

51-умумтаълим мактаби ҳудудида спорт майдончаси дарс жараёнига мослаштирилмаганлиги, биноси сиғими ўқувчилар сонига тўғри келмаслиги, ёзги спорт залнинг кичиклиги сабабли юзага келаётган ноқулайликлар ҳақида айтишди.

Депутат, шунингдек, 48-сон мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлди. Муассаса биноси янги таъмирдан чиққанига қарамасдан кўплаб камчиликларни кўриш мумкин. Бино кириш қисмининг ўзидаёқ полнинг кўтарилиб қолгани кўнгилни хира қилади. Боғча биноси орқасида жойлашган маҳалла хонадонларининг тарнови ва ҳар қандай сув келиш йўллари боғча ҳовлисига қаратилганлиги бунинг асосий сабаби экан.

Яъни, бино тагига оқаётган сув муассасада намлик ва полларнинг кўтарилишига олиб келмоқда. Ихчам қурилган боғчада ҳамма шароитлар мавжуд, лекин ёнғин хавфсизлиги машинаси кириб-чиқиши учун алоҳида йўли бўлиши йўқ. Чунки, муассаса ҳовлиси томондан кириш қисми ва асли боғча ҳудуди бўлган ер маҳалла фуқаролари томонидан ўзлаштириб олинган. Сим девор билан ноқонуний ўраб олинганига мутасадди идоралар томонидан муносабат билдирилмагани тушунарсиз.

Ушбу камчиликлар ва муаммоларни бартараф этилиши юзасидан депутат Елена Александровна ўз ваколатидан келиб чиққан ҳолда керакли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборди ва айрим муаммоларни жойида ҳал этилишига эришиб, қолган муаммолар ҳал этилишини назоратига олди.

Моҳина Aбдураҳимова,

“Aдолат” СДП вилоят Кенгаши мутахассиси.