Ер участкаларини қонунга зид равишда олиб қўйганлик учун мансабдор шахслар жавобгарликка тортиладими?

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш учун давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилмоқда. Аммо айрим ҳолларда бу жараён қонунга зид равишда ҳам амалга оширилаётгани бор гап. Хўш, бундай ҳолатда мулкдорларга зарар етказилганлиги учун қонунларимизда мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик мавжудми? Афсуски, йўқ. Яъни, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан муносиб эътибор берилмаган.

Бу ҳолатга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ер участкаларини қонунга зид равишда олиб қўйганлик учун мансабдор шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш назарда тутилган.

Жамоатчилик муҳокамаси учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилган ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши ер участкасини олиб қўйиш тартибига риоя этмаганлик ҳамда бунинг оқибатида мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш имконини беради. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида ер участкаларини қонунга зид равишда олиб қўйиш учун айбдор бўлган шахслар доираси ҳамда уларнинг жавобгарлик масаласи ҳам аниқ белгиланади.

Айни кунлардаги юртимизда коронавируснинг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинган. Бу жараён Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзоларининг қонун лойиҳалари устида жиддий ишлашларига маълум маънода таъсир ўтказяпти. Умид қиламизки, юқорида таъкидланган қонун лойиҳаси улар эътиборидан четда қолмайди ва тасдиқланади.