Ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқ тартиблари белгиланмоқда

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш масалаларига қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
 
Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Таъкидланганидек, иккинчи ўқишга тайёрланаётган қонун лойиҳасида ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланмоқда.  

Шунингдек, ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини бериш асослари, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкасини хусусийлаштириш тартиблари назарда тутилмоқда.  

Ишчи гуруҳ йиғилишида депутатлар берган таклифлардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасидаги айрим нормалар таҳрирланди ва тўлдирилди, айримларига аниқлик киритилди. Шунингдек, ҳаволаки нормалар лойиҳадан чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.  

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиши учун ҳуқуқий асос яратилишига хизмат қилади.  

М.Комилова