Эрдўғон Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббусини қўллаб-қувватлашни кескин рад этди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўтган шанба куни Стокгольмда бўлиб ўтган Қуръон ёқиб юборилган акция ҳақида гапирар экан, Анқара Швециянинг НАТОга аъзолик аризасини қўллаб-қувватламаслигини айтди.
“Швецияда содир этилган жирканч ҳаракат асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, мусулмонлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қиладиган ҳар бир шахсга нисбатан ҳақоратдир”, — дея Ердўғаннинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда "Анадолу" агентлиги.
“Агар Швеция Туркияни, шунингдек, мусулмонларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилмаса, НАТО аъзолиги борасида биздан ҳеч қандай ёрдам олмайди”, - деди у.
Аввалроқ Швеция расмийлари ўта ўнгчи сиёсатчи Расмус Палуданга Туркиянинг Стокгольмдаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқишга рухсат берган ва ўтган шанба куни у буни амалга оширган эди.
Бундан аввал Туркия Мудофаа вазири Хулуси Акар Швеция мудофаа вазири Пол Йонссоннинг 27 январга мўлжалланган Туркияга ташрифини “маъносиз” деб атади ва унинг бекор қилинишини эълон қилди.
Бу воқеалар Туркия Швеция ва Финляндиянинг Шимолий Атлантика иттифоқига қабул қилинишига тўсқинлик қилаётган бир пайтда содир бўлди. Шу билан бирга, НАТОга аъзо 30 давлатдан фақат Туркия ҳамда Венгрия Швеция ва Финляндиянинг альянсга аъзолигини ҳалигача ратификация қилмаган.
Туркия иккала номзод давлат курд ташкилотларини террорчи деб эълон қилса ва террорчиликда айбланган шахсларни Анқарага топширса, иттифоқнинг бундай кенгайишига рози бўлишини маълум қилган. Туркия, шунингдек, Анқарага қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган тақиқни бекор қилишни талаб қилмоқда. Стокгольм ва Хельсинки талабларнинг бир қисмини бажарган.