Эрон президенти Трампни қотилликда айблаб ҳибсга олишни талаб қилди

Эрон президенти Иброҳим Раиси АҚШнинг собиқ етакчиси Дональд Трампни “Ал-Қудс” махсус кучлари бошлиғи, генерал Қосим Сулаймонийни ўлдирганликда айблаб, ҳибсга олишга чақирди, деб ёзади “ТАСС”.

Агентлик маълумотларига кўра, митингда Раиси АҚШ раҳбари ва Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпеони жиноят учун ҳибсга олишни талаб қилган. "Агар адолат ғалаба қозонмаса, Эрон халқидан қасос кутинг", деб таъкидлади Эрон президенти. У Сулаймонийни ўлимидан сўнг “заминни эгаллаган душманларга қаршилик кўрсатиш мактаби”ни қолдирган буюк саркарда деб атади.

Аввалроқ Ал-Қудс бўлинмаси қўмондони бригада генерали Исмоил Каани Сулаймоний учун қасос АҚШни тўсатдан ўз ҳудудида тутиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Эрон генерали Трамп ва суиқасдда иштирок этган бошқа шахсларга мурожаат қилар экан, улар жиноятидан кейин “маишатда яшай олмаслигини” таъкидлади.

Сулаймоний 2020 йилнинг 3 январида Бағдодда АҚШнинг ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди. Генерал билан бирга унга ҳамроҳлик қилган бир неча офицер ва Ироқ шиа милиция қўмондони ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ҳам ҳалок бўлди.