Эроннинг Машҳад шаҳридан Самарқандга авиарейс йўлга қўйилиши мумкин

Шу кунларда Эроннинг Разавий Хуросон вилояти губернатори Ғулом Ҳусейн Музаффари бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлиб турибди.

Делегация таркибида қурилиш, кимё саноати, фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, туристик компаниялар ва бошқа соҳа масъуллари бор.

Дастлаб ташриф доирасида Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида вилоят ҳокимлиги масъуллари, туристик компаниялар раҳбарлари ҳамда Разавий Хуросон вилояти делегацияси аъзолари иштирокида "Ўзбекистон-Эрон" туристик форуми бўлиб ўтди.

Форум очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, Разавий Хуросон вилояти маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик бошқармаси бошлиғи Сеиджавад Моусави тадбир иштирокчилари ва форум ишига омад тилади. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

- Туризм ва маданий мерос соҳасида кўҳна кент билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз, - деди Сеиджавад Моусави. - Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун, аввало, Машҳаддан Самарқандга тўғридан-тўғри авиқатновни йўлга қўйишни таклиф этамиз. Шу билан бирга, маданият, маданий мерос обидаларини асраб-авайлаш, соҳада кадрлар тайёрлаш, темирйўл ва транспорт соҳаларида ҳам ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз.

- Эрон ва Ўзбекистондаги диққатга сазовор жойлар билан танишиш ва бу жойларга бориш учун билетларни онлайн сотиб олишга мўлжалланган платформалар яратганмиз, - дейди Эроннинг Ўзбекистондаги ягона "Visit Iran" турфирмаси раҳбари Навид Оғо. - Биз туризмни ривожлантириш учун иккала томон билан ҳам ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз. Хусусан, Машҳад ва Самарқандни боғловчи авирейс ташкил этилса, 50 фоиз йўловчилар билан таъминлаймиз.

Форум доирасида Самарқанд ва  Разавий Хуросон вилоятларининг туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум 1 мартга қадар давом этади ва Самарқанд, Бухоро вилоятларида фаолият юритувчи туристик компаниялар, Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, тадбиркорлар ҳамда етакчи корхоналар вакиллари иштирокида учрашувлар, бизнес-форумлар ташкил этилади.

Фазлиддин Рўзибоев.