Ертўладаги фабрика ёки ноқонуний майнинг қурилманинг жиноий жавобгарликка сабаб бўлгани хусусида

Иштихон тумани қишлоқларидан бирида, оддийгина хонадонда четдан қараганда, ҳаёт тинч кечаётгандек кўринади. Девор ортида, яъни ертўлада юзга яқин қурилмалар узлуксиз ишлаётгани ҳеч ким, ҳатто қўни-қўшниларнинг ҳам хаёлига келмайди.

Қурилмаларнинг овози кўчага эшитилмайди, чунки ертўла деворлари махсус қоплама билан қопланган: ҳеч қандай товуш ҳам, ёруғлик ҳам ташқарига чиқмайди…

Айтиш керакки, кейинги йилларда ҳаётимизга “криптовалюта”, “майнинг” сингари атамалар кириб келди. Албатта, бу атамалар қандай маънони англатиши кўпчилик учун қизиқ эканини инобатга олиб, қуйида қисқача тўхталиб ўтамиз.

“Криптовалюта” — рақамли (виртуал) пул тури бўлиб, у блокчейн технологияси асосида ишлайди. Унда банк ёки давлат органи орқали эмас, балки ўртада назоратчи органсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Криптовалютанинг Bитcoin (BTC), Ethereum (ETH), Tether (USDT), BNB, Solana, Cardano сингари турлари дунёда кенг тарқалган.

Ушбу виртуал валюталар айрим дўкон ва онлайн хизматлар учун тўлов воситаси сифатида хизмат қилади. Хорижий давлатларда кўпчилик криптовалютани сотиб олиб, қиммати ошганда қайта сотади ва даромад олади.

Криптовалютани ишлаб чиқариш эса, халқ тилида “майнинг” деб аталади. У электр энергияси ва компьютер ускуналари ёрдамида блокчейн тармоқларини қувватлаш ва мукофот олиш жараёнидир. “Майнинг” фаолиятини ноқонуний амалга ошириш, рухсатномасиз ёки тақиқланган усулда бажариш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

“Криптовалюта” ва “майнинг” ҳақида бироз бўлса-да, маълумот берган бўлсак, энди яна Иштихон туманида рўй берган воқеага қайтамиз.

Бир пайтлар қандолат цехига мўлжаллаб қурилган ертўла охир-оқибат “биткоин фабрикаси”га айланди. Бу фабрика ноқонуний тарзда, шунингдек, электр ҳисоблагичсиз тўғридан-тўғри трансформаторга уланган ҳолда ишлай бошлади. Қишлоқ аҳли учун мўлжалланган электр қуввати энди яширин фирма қурилмаларига сарфланди.

Ёрқин Ҳусайинов (исм-шарифлар ўзгартирилди) - олий маълумотли, Тошкент давлат молия институтида таҳсил олган. У бироз муддат банкда ишлаган, кейин эса оилавий корхона ташкил этган. Унинг “Morning Great Milk” деб номланган цехи сут маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган.

“Қаҳрамонимиз” Telegram мессенжери орқали “майнинг” қурилмаларини сотиш ҳақида эълон берган Шоҳрух исмли шахс билан телефонда боғланади. Кейин эса у билан Тошкент шаҳрида учрашади. Ё.Ҳусайинов Шоҳрухдан дастлаб 4 минг 480 АҚШ долларига 14 та “АСИК” қурилмасини сотиб олади.

Кейин у қурилмаларни ертўлага яширин равишда ўрнатади. Ташқарига шовқин эшитилмаслиги учун ертўла деворларига махсус жиҳоз қоплайди.

Қариндошлар номига телефон сим карталари сотиб олади. Қишлоқ аҳолиси фойдаланиши учун мўлжалланган трансформаторга яширинча уланади. Ертўла ичига зарур пайтда токни узиб қўйиш жиҳозини ҳам ўрнатади.

Шу тариқа ноқонуний фаолиятини бошлаган Ё.Ҳусайинов таниши Шоҳрухдан сотиб олган “АСИК” қурилмалари сонини 89 тага етказади.

Қисқаси, Ё.Ҳусайинов солиқлар-у коммунал тўловларни четлаб ўтган ҳолда ноқонуний фаолиятдан катта даромад ола бошлайди.

Аммо охир-оқибат унинг қилмиши ошкор бўлди. Тегишли идора томонидан ўтказилган текшириш жараёнида ертўладаги юзлаб қурилмалар ашёвий далил сифатида олинди. Ё.Ҳусайиновга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилди.

Судда маълум бўлишича, Ё.Ҳусайинов майнинг қурилма фаолиятини олиб бориш учун Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган. У ертўлани рухсат берувчи ҳужжатларсиз майнинг ускуналари билан жиҳозлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларига зид равишда электр тармоқлари корхонаси билан шартнома расмийлаштирмаган, умумий фойдаланишдаги электр энергияси тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланган.

Бунинг оқибатида туман электр тармоқлари корхонасига 1 миллиард 947 миллион 567 минг 240 сўм - (жуда кўп миқдорда) моддий зарар етказган.

Судда Ё.Ҳусайиновнинг айби тўлиқ ўз исботини топди. Унга саккиз йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, судланувчидан туман электр тармоқлари корхонаси фойдасига 1 миллиард 947 миллион 567 минг 240 сўм ундирилиши белгиланди.

Бир жиноят иши — ертўладаги фабрика воқеаси шу тариқа якун топди.

Ноқонуний қилмиш, эртами-кеч, барибир ошкор бўлади. Қонун талабига риоя этиш эса нафақат обрў-эътибор олиб келади, балки юз ёруғлиги, кўнгил хотиржамлигини ҳам таъминлайди.

Жонибек Раупов,

жиноят ишлари бўйича Иштихон тумани суди раиси.