Эски ҳисоблагичга эга истеъмолчилар нега ҳисоб-китоб бўйича муаммога дуч келади?: «Ҳудудгазтаъминот» АЖ муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда учрайдиган, аҳоли ўртасида таъбиий газ билан боғлиқ шикоятларга жавобан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ табиий газ учун қарзларни ҳисоблаш билан боғлиқ ҳолатларни маълум қилди.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда ва уч миллионга яқин истеъмолчиларнинг хонадонларида янги ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, улар реал вақт режимида кўрсаткичларни юборади.

Шунингдек, мамлакатимизда эски намунадаги газ ҳисоблагичлари ишлатилаётган истеъмолчилар ҳам мавжуд. Улар Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарори ва газ таъминоти ташкилоти билан тузилган шартномага мувофиқ, ҳар ойнинг 10-санасига қадар газ таъминоти ташкилотларига келиб, истеъмол қилинган табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириши ёки махсус яратилган Телеграм-бот (@hgtabonentbot)  орқали кўрсаткичларни тақдим этиши лозим.

Баъзи истеъмолчилар газ таъминоти ташкилотларига кўрсатилган муддат ичида истеъмол қилган табиий газ ҳажми тўғрисидаги кўрсаткичлари тақдим этмаётганликлари сабабли амалдаги дастур автоматик равишда ўртача истеъмол миқдорини ҳисоблаб чиқади ва газ учун ҳисоб-китобларни тўлаш учун истеъмолчига маълум қилади. Бундан ташқари, газ таъминоти ташкилотларида олдинги даврларда меҳнат фаолиятини юритган собиқ инспекторлар томонидан истеъмолчиларга янги электрон ҳисоблагич ўрнатилгунга қадар дастурга нотўғри кўрсаткичлар киритиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда. Бу энди истеъмол қилинган табиий газ ёқилғи учун ўзаро ҳисоб-китобларни, шу жумладан, янги газни ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатишдан олдин солиштиришни талаб этилади.

“Ҳудудгазта’минот” АЖда, газ ҳисоблаш ускуналарининг эски намуналарини ишлатувчи истеъмолчилар томонидан сарфланган табиий газни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва тўлаш билан боғлиқ мурожаатлар билан ишлаш бўйича штаб фаолияти йўлга қўйилган.

Марказлаштирилган ишчи гуруҳни тузишдан асосий мақсад - фуқароларнинг ҳар бир мурожаати ёки шикоятига зудлик билан жавоб бериш, етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, газ таъминоти тизимидаги коррупсияни бартараф этиш ва олдини олишдир.

Ҳозирда мазкур штабда 10 нафар мутахассис фаолият олиб бориб, улар билан бевосита “1104” қисқа рақам, 71 281-15-67 (310) рақамига қўнғироқ қилиб ёки Телеграмдаги "Ҳудудгазтаъминот АЖ ишчи гуруҳига мурожаат  гуруҳи орқали (t.me/gaz_hisob_kitob) боғланиш мумкин”, дейилади «Ҳудудгазтаъминот» АЖ хабарида.

Шунингдек, маълум қилинишича, "Ҳудудгазтаъминот АЖ марказлаштирилган гуруҳи ташкил этилганидан буён ҳисоб-китоблар билан боғлиқ 5 704 та мурожаат келиб тушган. Ташкилот мазкур муносабатда қачон истеъмолчилар тўлиқ янги ҳисоблагичлар билан таъминланишига аниқлик киритмаган.