Европа: ёнғин ва ўт қўювчилар билан кураш кетмоқда
Қарийб икки ҳафтадан буён Туркияда ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Расмийларнинг ишонтиришича, уларнинг аксарияти назоратга олинган. Ҳозир барча саъй-ҳаракатлар Муғла вилоятидаги ёнғинни ўчиришга қаратилган.
Расмий маълумотларга кўра, саккиз киши табиий офат қурбонига айланган. Жабрланганлар - мингга яқин. Саноқсиз ўрмон жониворлари – ҳайвон ва қушлар нобуд бўлган.
Италиянинг Cампомарино курорт шаҳри яқинидаги ёнғин юзлаб аҳоли ва сайёҳларни уй, меҳмонхоналар, лагерларни шошилинч равишда тарк этишга мажбур қилди.
Ёнғин темир йўлга яқинлашди. Шу сабабли Пескара-Фожа йўналишидаги поездлар ҳаракати тўхтатилди.
Бу орада Италия полицияси ўт қўйган шахсни аниқлаш бўйича операция ўтказди. Ёнғин ўчоқлари ўрганилиб, яширин камералар ўрнатилди. Жиноятчи 50 ёшли деҳқон бўлиб чиқди. У ҳибсга олинган.
Айни пайтда Босния ва Герцеговинанинг Хорватия билан чегарасида катта ўрмон майдони ёнмоқда. 40 даража иссиқ ва кучли шамол ёнғинга қарши курашишга тўсқинлик қиляпти.
Греция ўт ўчириш бошқармаси терговчилари уч кун ичида қасддан ва бепарволик билан ўт қўйган ўндан ортиқ одамни ҳибсга олди.
Маълум қилганимиздек, Грецияда сўнгги 40 йил ичида рекорд иссиқлик қайд этилди. Ўтган ҳафтада, баъзи ҳудудларда ҳаво ҳарорати 47 даражага этди. Мамлакатда бир ҳафтадан буён кучли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда.