Фаолиятимизга сайловчи баҳо беради

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Илҳом БОТИРОВ билан суҳбат

- O’zLiDeP вилоят Кенгаши ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан октябрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловларига қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

- Партиямиз бўлажак сайловларга тайёргарликни бир неча босқич ва йўналишларда, ўтган сайловлардан кейиноқ бошлаган. Бунда мақсадли ва электорат ҳамда сайловчилар манфаатлари устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, амалий мулоқотлар, турли лойиҳалар кўринишида, аҳоли ўртасидаги партиявий тарғибот тадбирларига аҳамият бериб келмоқда.

Натижада халқимизнинг партияга хайрихоҳлиги, ишончи кундан-кунга ортиб бормоқда. Биргина мисол, 2016 йилда Самарқанд вилоятида партия аъзолари сони 30 минг нафар атрофида эди. Бугунга келиб уларнинг сони 115 минг нафарга яқинлашган. Мамлакатимиз миқёсида эса партия аъзолари сони бир миллиондан ошди. Бу ўз навбатида халқимизнинг қизиқиш ва орзу истаклари O‘zLiDeP ғоялари билан ҳамоҳанг эканлигини кўрсатиб турибди.

Ҳудудларда сайлов штаблари фаолияти йўлга қўйилди. Партиянинг янги рамзи кенг муҳокамалар жараёнидан сўнг тасдиқланиб, ўзига хос ребрендинг қилинди.

- Вилоятда сайлов натижалари қандай бўлишини кутаяпсизлар? Нимага асосланиб, шундай натижадан умид қилиняпти?

- Ҳар бир партия катта сиёсий майдонга чиқар экан, албатта ғалаба қозонишни мақсад қилади. Сайловлар ҳақида гапирганда, O‘zLiDeP ўз фаолиятида 4 марта парламент ва маҳаллий Кенгашларда, 3 марта Президент сайловларида муваффақиятли иштирок этгани, партиямиз ғоя ва дастурларига, барча даражадаги номзодларимизга халқимизнинг ижобий муносабати яққол намоён бўлганлигини таъкидлаш лозим.

Бу йилги сайловда ҳам O‘zLiDeP ғалабасини таъминлашда биринчи галда сайловчиларимизнинг ишончини қозониш учун мамлакат ва ҳудудлар ривожланиши, энг асосийси, юртдошларимизнинг мушкулини осон, оғирни енгил қилишга қаратилган дастуримизни яратдик.

Сайловолди тарғибот тадбирларининг ҳозирги босқичида партиявий тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор берилиб карантин қоидаларига риоя этган ҳолда тадбирлар ташкил этилмоқда. Тарғибот тадбирлари эса партиявий фаолият билан боғланган ҳолда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда ва бу тадбирлар қамрови, мақсади ва тафсилотлари бўйича матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилмоқда.

- Партиядан президентликка кўрсатилган номзод учун табиийки, вилоятда ҳам ишончли вакил сайланади. Бу вазифа ким(лар)га топширилиши режалаштирилган? Унинг қайси жиҳатлари сайловолди тарғиботида самара беради, деб ўйлайсиз?

- Ишончли вакил жамоатчиликка таниқли, катта ҳаёт ва иш тажрибасига эга, интеллектуал салоҳиятли, обрў-эътиборли киши бўлиши лозим. Бу масалада партия юқори ташкилоти, яъни Сиёсий Кенгашимизга ўз таклифларимизни билдирганмиз.

- Умуман, O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод сайловларда ғалаба қозонса, одамлар нимадан умид қилишлари мумкин?

- Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги даврига – миллий юксалиш, яъни мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш учун дадил қадам қўймоқда. Барча соҳаларда модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Ўтган Президентлик сайловида олға сурилган партия дастури доирасида амалга оширилган ишларни ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида ҳис этаяпти ва бевосита ислоҳотларнинг иштирокчисига айланмоқда.

Жорий йилги сайловолди дастур лойиҳасида ҳам 6 йўналиш бўйича барча соҳаларни ислоҳ қилиш кўзда тутилган. Унда янги Ўзбекистонни янада ривожлантириш, халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, фаровон ҳаёт қуриш каби ғоялар ўз аксини топган.

- Жорий йилнинг ўтган даврида партия депутатлик гуруҳи томонидан муайян масалани ўрганиб, вилоят Кенгаши сессиясига олиб чиқилмади. Бу ҳолат сайловларда акс таъсир қилмайдими?

- Бу фикрга қўшилмайман. Чунки халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида 50 га яқин масала халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилди. Вилоятдаги маҳаллий кенгашларнинг 160 га яқин депутатларини бирлаштирган 17 та депутатлик гуруҳимиз аъзолари биринчи навбатда ўз сайловчилари, қолаверса, ҳудудлардаги муаммоли масалаларга ечим топишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Албатта, депутатлар фаолиятига ҳам, сайловлар жараёнидаги партия фаолиятига ҳам баҳони сайловчилар беради.

Ё.Марқаев тайёрлади.