Фарзандингизга китоб ўқиб беринг...

Юртимизда 2021 йилдан бошлаб умумтаьлим муассасаларида таълим олувчи ёшлар халқаро тадқиқотларда иштирок эта бошлайди. Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 9-синф ўқувчилари PISA, бошланғич синф ўқувчилари эса TIMSS халқаро тадқиқотларда иштирок этиши белгиланди.

Хўш, бугунги кунда мактабларда тадқиқотларга тайёргарлик қандай кечмоқда?

Бошланғич синфларни PIRLS тадқиқотига тайёрлаш жараёнида ўқувчиларнинг билимга чанқоқлиги, топшириқларни қизиқиш билан бажаришлари баробарида уларда китобхонлик ҳамда фикрлаш даражаси бироз суст эканлиги кузатилмоқда. Мактабда дарслардан ташқари  “Ифодали ўқиш”, “Ёш қаламкашлар”  каби тўгараклар фаолияти ташкил этилган бўлса-да, булар ҳам етарли эмасдек, назаримизда. Ўқувчиларда китобга меҳр уйғотишни оиладан бошлашга эътибор қаратишимиз зарур. Оилада китоб ўқишни севишса, китоб ҳақида суҳбатлар бўлса, фарзандларидан ҳам ўқиган китоблари юзасидан фикрлари сўралса, болаларда эркин ва тўғри фикрлаш қобилияти шаклланади. Афсуски, таълим ва тарбия жараёнидаги энг оғриқли нуқтамиз, ўқувчиларимизда китобхонлик маданиятининг етарлича эмаслигидир.

Бугун фарзандларимиз асосий вақтини телевизор, телефон ёки компьютер қаршисида ўтказаётган бир даврда болага китоб ўқитиш мураккаб жараён. Аммо ота-она ўқитишнинг янги ва самарали усулларини ўйлаб топиши, бу борада бош қотириши, алоҳида вақт ажратиши муҳим.

Бунда фарзандларимизни кичиклигидан китобга ошно қилиш, ҳарф танимайдиган болага турли расмли китоблар билан бирга уларни тушунтириш, изоҳлаш, ёшига мос бадиий адабиётларни танлаб бериш ва лозим бўлса, улар билан бирга мутолаа қилиш зарур бўлади. Бу кўп вақтни талаб қилиши мумкин. Аммо келажакда ўз самарасини бериши аниқ.

Дилафрўз АРАЛОВА,

Самарқанд шаҳридаги 80-умумий ўрта мактаби ўқитувчиси.