Фатво: юқори тезликда ҳаракатланиш оқибатида вафот этган ҳайдовчи ўз жонига қасд қилган бўлади
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга доир фатво эълон қилди.
Унга кўра:
➖ йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шаръан вожиб амал ҳисобланади. Мусулмонлар ушбу қоидаларга эътиқодан ва қунт билан амал қилишлари керак;
➖ рухсат этилгандан юқори тезликда ҳаракатланиши оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи шаръий жиҳатдан ҳаддидан ошган ва ўз жонига қасд қилган мақомида ҳисобланади.
➖йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган ёки бунга лаёқати бўлмаган шахсларнинг транспорт воситасини бошқариши жоиз эмас;
➖йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳолатда транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас;
➖транспорт воситаси йўлга яроқли бўлмаган ҳолатда ундан фойдаланиш шаръан ман этилади;
➖йўл жамоа фойдаланадиган тармоқ экани сабабли йўл ҳаракати иштирокчилари ўзаро одоб ва маданият билан муносабатда бўлишлари, бошқаларга халақит беришдан, қўпол сўз ва хатти-ҳаракатлардан сақланишлари лозим.
Тезликни чеклашда асосан ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини сақлаш назарда тутилади. Ҳайдовчининг бу чекловни бузиши ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини хатарга қўйиш бўлади. Шу боис қатор фатво марказлари ва уламолар, жумладан, Саудия Арабистони муфтияти рухсат этилган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиш оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи ўз жонига қасд қилган бўлади.
Мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидалари, одоб ва маданиятларига амал қилиши кузатув камералари ёки йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётгани учун эмас, балки амалдаги йўл ҳаракати қонун-қоидаларига амал қилиш – Ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажариши керак. Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади. Валлоҳу аълам.