Фавқулодда ҳолат учун “офлайн” ўқитилди
Бугун коронавирус пандемияси, экологик, табиий ва техноген муаммолар одамлар орасида бевосита ижтимоий масофа сақланишини тақозо қилмоқда. Улар ахборот телекоммуникация соҳасидаги жиддий ўзгаришлар, хусусан, ахборот технологияларининг жадал ривожланишига олиб келмоқда. Таълим, фан, иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларига, қолаверса, жамиятнинг барча соҳаларида янги ахборот телекоммуникация воситаларини жорий қилиш бугунги куннинг асосий талабларидан бири бўлиб қолди.
Шу боис ўзаро маълум бир масофада интернет технология ёки бошқа интерактив усуллар ва барча ўқув жараёнлари компонентлари - мақсад, мазмун, метод, ташкилий шакллар ва ўқитиш усулларига асосланган таълим олувчи ва ўқитувчи ўртасидаги муносабат, масофавий ўқитиш тизими шаклланмоқда.
Табиийки, бу жараёнда турли ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланилади. Масалан, анъанавий босма усулига асосланган ўқитиш воситалари (ўқув қўлланма, дарсликлар) талабаларни янги материал билан таништиришга асосланса, интерактив аудио ва видео конференциялар маълум вақт орасида ўзаро мулоқотда бўлишга, электрон почта тўғри ва тескари алоқа ўрнатишга, яъни хабарларни жўнатиш ва қабул қилишга мўлжалланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказида ҳам 2020 йилнинг 27 апрелидан 23 майга қадар вазирликнинг ҳудудий бошқармаларидаги 184 нафар ҳарбий хизматчи ва хизматчилари “Офлайн” тарзда телеграм канали орқали масофали ўқитилди. Бунда тингловчиларга марказ ўқитувчилари томонидан 144 соатлик ўқув дастурлари асосида ўқув машғулотлари ўтказилди.
Ҳозирги кунда марказда ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Нодир ҚОДИРОВ,
марказ алоқа, хабар бериш ва информацион технологиялар бўлинмаси бошлиғи.