Фавқулодда вазиятларни олдини олишда вилоятда фуқароларга 316 марта ёрдам кўрсатилган

2021 йилнинг шу давригача йўл транспорт ҳодисалари, сувда қидирув ишлари ва фавқулодда вазиятларни олдини олишда фуқароларга 316 марта ёрдам кўрсатилди.
Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди маъмурий биносида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-турда айтиб ўтилди.
Ушбу кўрик-тадбирда сувда қутқарув гуруҳлари ҳамда ёнғинни ўчириш бўйича жанговар ҳаракатлар пайтида оператив ва тактик вазифалар учун мўлжалланган ускуналар кўргазмаси ҳамда қутқарувчи иш жараёни намойиш этилди.
- Касбимиз фидойилик ва мутахассисдан доимий профессионал тайёргарликни талаб қилади, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари У.Аҳроров. – Фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни ҳимоя қилиш, ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, сув ҳавзаларида одамлар хавфсизлигини таъминлашда бугун замонавий ускуналар муҳим аҳамиятга эга. Аммо баъзида каналлар, тез оқар сувларда, умуман, сувда қутқариш ишларида кутилмаган ҳолатларга кўп дуч келамиз.
Пресс-турда иштирокчилар юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганда оқибатларини бартараф этиш, жабрланган аҳолини эвакуация қилиш, қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни олиб боришда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш бўйича тайёргарлик машғулотлари билан ҳам танишди.