Фермер “Малибу”нинг пулини ерга “урди”

Иштихон туманининг Барлос маҳалласида узум етиштиришда уста бўлиб кетган деҳқонлар кўп. Аммо улар яқин йилларгача фақат суғориладиган ерлардагина тирикчилик қиларди, холос.

Маҳалланинг Қўшработ қирларига туташиб кетган дашт ҳудуди бундан 5-6 йил илгари қақраб ётарди. Кейинги йиллардаги қурғоқчилик сабаб барлосликлар бу ердан на лалми экин етиштириб, на яйлов сифатида фойдалана олди. Бугун ана шу қир-адирлар бағри яшилликка бурканяпти.

“Барлоснинг бепоён боғлари”
Даврон Шодиев раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжалиги шу ном билан аталади. Хўжалик бундан 4 йил аввал ташкил этилган бўлиб, ҳудудида асосан токлар парваришланяпти.
- Болалигимдан узумчилик сирларини ўрганиб келаман, - дейди фермер. – Аммо яқин йилларгача катта майдонда токзорлар яратиш хаёлимгаям келмаган. Мамлакатимизда фермерлар учун яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, шу ишни бошладим. “Мингчинор” агрофирмаси ҳудудидан хўжалигимиз учун ажратилган 20 гектар ерда асосан ток етиштиришга киришдим, шунингдек, бодом, ёнғоқ, шафтоли ва бошқа мевали дарахт ниҳолларини қадаганмиз. Сувни тежаш мақсадида томчилатиб суғориш усулидан фойдаланяпмиз. Токлар ҳосилга киргунча, улар орасига полиз маҳсулотлари экканмиз. Бунинг учун водийдан деҳқонларни таклиф қилдик. Улар бизга қовун-тарвуз етиштиришни, биз уларга узумчилик сирларини ўргатиб, тажриба алмашяпмиз.

Файзлик деҳқон Барлосга файз киритяпти
Даврон акага кўмаклашиш учун келган деҳқон Абдурауф Туронов Фарғона вилояти Бешариқ тумани Файз қишлоғидан. У 4 йилдан бери деҳқончилик мавсумини оиласи билан шу ерда ўтказади. Олаётган даромади ҳам кам эмас.
- Ўтган йили 1 гектар ерда қовун-тарвуз етиштириб, 40 миллион сўм даромад қилгандик, - дейди у. – Бу йил 5 гектарга полиз маҳсулотларини экдик ва 200 миллион сўм даромад қилишни мўлжаллаб турибмиз. Биз томонларда бир қарич бўш ер тополмайсиз. Бу ерда, кенг лалми ер майдонларида меҳнат қилишнинг гашти бошқача. Биринчидан, ҳосилдорлик яхшилиги, иккинчидан, чангиб ётган ерлар томчилаб турган сув билан боғ-роғларга айланаётгани кишини ҳайратга солади.

Ишлаш учун хорижга боришга ҳожат қолмади
Шу маҳаллада яшовчи ёшлардан бири Шоядбек Саидқуловни ишсизлик муаммоси қийнаб келаётган эди. Фермер Даврон Шодиев унга 1 гектар ерни бириктириб, бу муаммога ечим топди.
- Анчадан бери ўзимга муносиб иш тополмай сарсон эдим, - дейди Шоядбек. – Бир неча йил хорижда ҳам ишлашга тўғри келди. Амаким фермер хўжалиги ташкил этганлигини айтиб, мени ишга таклиф қилди ва 1 гектар ерни менга бириктирди. Бу ерда ҳозирги кунда водийлик деҳқон Абдурауф ака кўмаги билан меҳнат қиляпман. Қовун-тарвуз пишди, сотишни бошладик. Меҳнатимиз ҳосилини кўриб, ишлаш учун хорижга боришга ҳожат йўқлигига амин бўляпман.

Бошланишига 150 миллион сўм...
Даврон ака, аввало, адирликдаги катта майдонда деҳқончилик қилишга иккиланди, аммо узоқ ўйлаб ўтирмади. Бошланишига 150 миллион сўмдан кўпроқ маблағ сарфлаб, ишга киришди.
- 3 та артезиан қудуғи қаздирдим, - дейди у. – Ҳовуз ташкил қилиб, томчилатиб суғориш учун керакли бўлган сув насослари ва қувурларни келтирдим. Айрим маҳалладошларим адирликда ток етиштириб бўлмаслиги, шунинг ўрнига “Малибу” автомашинасини сотиб олиш фойдалироқ эканлиги ҳақидаги фикрларни билдирди. Мен эса ортга чекинмадим, таваккал қилдим. Бир йил ўтиб, тўғри йўлни танлаганимга ишонч ҳосил қила бошладим. Президент қарори билан 176 миллион сўмлик субсидия ажратилди. Бу маблағниям фаолиятимизни кенгайтиришга сарфладим. Кечаги меҳнатимизнинг бугунги самараси бошланишида биз учун янгилик бўлган томчилатиб суғориш усулидан фойдаланишдаги тушунмовчиликлар, уйимдан хўжалик ер майдонигача бўлган 4 километрлик масофага пиёда қатнаганларим ва бошқа қийинчиликларни унутишимизга сабаб бўляпти.

2019 йилда экилган токлардан бугун мўл ҳосил олина бошлади. Ҳали ҳосилга кирмаган ниҳоллар орасида етиштирилаётган полиз ва сабзавот маҳсулотларидан ҳам мўмайгина даромад кутиляпти. Бир сўз билан айтганда, Даврон аканинг яхши кунлари олдинда.

Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (видео).