Фермер сувсиз қолмаган, аммо...
Жорий йил 6 март куни zarnews.uz сайтида “Жомбойда фермер сув учун сарсон. Нега?” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда тумандаги “Пўлатов Озоджон” фермер хўжалиги иш юритувчиси Саид Ёқубов ғалла майдонларига сув берилмаётгани, мурожаатлари жавобсиз қолаётгани, натижада ҳосил хавф остида эканидан шикоят қилган.
Дарҳақиқат, ушбу хўжалик майдонларини суғоришда муаммолар юзага келган. Бунга омил бўлган айрим жиҳатларга тўхталиб ўтсак.
Ғалла парвариши технологияси экинни декабрь сўнггигача суғоришни талаб этади. Шундагина уруғ тўйиниб сув ичади, саратон иссиғига бардошли бўлади. Қолаверса, янги мавсумга ҳозирлик кўриш, баҳорги юмушлар олдидан ариқ-зовурларни тозалаш учун ҳам январь бошланмай туриб суғориш тадбирларини якунлаш керак.
Афсуски, “Пўлатов Озоджон” фермер хўжалиги раҳбари ва иш юритувчилари ушбу жиҳатларни ҳисобга олмай, суғориш учун навбати келганида имкониятдан фойдаланмаган. Декабрь ойида суғориш экинга зарар етказади, деган важ билан муҳим агротехник тадбирни пайсалга солиб келган.
Фермер хўжалиги балансидаги ички ариқларни ўз вақтида қазилмагани ҳам муаммога сабаб бўлмоқда. Бу эса Манғит ариғида жойлашган тақсимлаш иншоотининг нурашига олиб келган. Уни таъмирлаш ва тиклаш фермер зиммасида бўлишига қарамай, амалий ёрдам сифатида туман ирригация бўлими томонидан таъмирланди. Бунинг учун 6 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
“Январь ойида Жомбой тумани сувдан фойдаланувчилар уюшмаси раҳбари Абдумутал Ризаевга сув беришда ёрдам сўраб мурожаат қилганимда у киши олдиндан сув учун 1,5 миллион сўм тўлашимни айтди. Февраль ойида банкка айтилган маблағни тўлаб, сув олиш учун ариза ҳам бердим, лекин ҳалигача сув берилгани йўқ”. Мақоладаги ушбу жумлалар кишини ўйга толдиради. Чунки Абдумутал Ризаев сув истеъмолчилари уюшмаси эмас, ирригация бўлими раҳбари саналади. Ирригация бўлими эса бюджетдан молиялаштириладиган ташкилот. Табиийки, фермердан ҳеч қандай бадал талаб қилинмайди. Сув истеъмолчилари уюшмаси буткул бошқа тузилма бўлгани ҳолда, уларга аъзолик бадали сифатида тўланган маблағни ирригация бўлими талаб қилди, дейиш куракда турмайди.
“Каналда ҳеч қандай таъмирлаш бўлаётгани йўқ...”, “Сув берилмади...”
Бу жумлаларнинг ҳақиқатдан қанчалик йироқлигини суратлар тасдиқлаб турибди.
Жомбой тумани ирригация бўлими.
Таҳририятдан: Мақолада келтирилган фикрлар фермернинг мурожаати асосида баён этилган. Бу ерда кимнидир ёмон кўрсатиш ёки зиддиятга сабаб бўлиш учун важ йўқ, бироқ битта жиҳат эътиборни тортади. Ғалла элнинг ризқи, халқнинг эртанги нони, фермернинг даромади ҳисобланса-да кузда экилган ғалла баҳорда ҳам униб чиқмаганлиги факт. Биз одатда бирор ҳодисанинг оқибати билан юзма-юз келганда курашни бошлаймиз, аммо уни келтириб чиқарган сабаблар эътибордан четда қолдирилади. Шундай экан эл ризқи учун ҳар қандай шахсий манфаатни бир четга суриб шу халқнинг эртанги куни, хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш, фаровон ҳаётни қуриш бош мақсадимизга айланиши лозим. Ҳар биримиз инсонмиз ва хато қилишимиз тайин, фақат шу хатони ўз вақтида тўғрилаб, кейин бундай камчиликларга йўл қўймасак билдирилган ишончни оқлаган бўламиз.