Фермер хўжалиги тугатилганда ер майдонига сарфланган харажатлар қоплаб берилади
Қишлоқ хўжалиги ташкилоти тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда, уларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар бозор қийматида ҳисобланиши ва қопланиши зарур.
Бу иш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги қарори билан тасдиқланган “Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа субъектларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида амалга оширилади.
Низомнинг 4-бандига кўра, ер майдонида сарфланган қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:
• кўчатлар, кўп йиллик мевали, ҳосилга кирмаган кўчатлар ва манзарали дарахтлар, уларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари;
• қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш мақсадида ўрнатилган томчилатиб суғориш тизимлари, сув чиқариш учун бурғуланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш насос станцияларини ўрнатиш ҳамда ариқ-зовурлар қазиш, уларни таъмирлашга кетган харажатлар (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган субсидия маблағлари бундан мустасно);
• қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида бажарилган агротехник тадбирлар (ерларни бегона ўтлардан, тош ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, ер майдонларини текислаш, ҳайдаш, экишга тайёрлаш);
• қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун сарфланган харажатлар, етказиб берилган моддий-техник ресурслар ва кўрсатилган хизматлар бўйича юзага келган қарздорликлар;
• ишлаб чиқариш мақсадлари учун бошқа инфратузилма объектлари — газ, электр, оқова ва ичимлик суви, канализация тармоқлари ва йўл қурилишига сарфланган харажатлар;
• чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қурилган иншоотлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш ва таъмирлашга сарфланган харажатлар;
• қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси доирасида фойдаланишдан чиққан ерларни қайта фойдаланишга киритиш мақсадида сарфланган харажатлар;
• жорий йил ҳосилидан пахта хомашёси, бошоқли дон, шоли ва сабзавот экинлари етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ресурслари ҳисобидан ажратилган кредит маблағлари.
Хўш, қишлоқ хўжалиги тугатилганда ер майдонига сарфланган харажатлар ким томонидан қоплаб берилади?
Қишлоқ хўжалиги ташкилотининг кўчмас мулки ёки бажарилган ишлари қиймати баҳоловчи ташкилот томонидан қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ҳисобидан аниқланади. Баҳолаш қишлоқ хўжалиги ташкилоти ташаббуси асосида амалга оширилганда, баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи нусхаси унга иловалар билан биргаликда ташкилот томонидан туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этилади.
Туман (шаҳар) ҳокимлигида ҳисобот бўйича эътирозлар мавжуд бўлмаганда, тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер майдони бир кун ичида Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танловга қўйилади ҳамда талабгорларни ҳисоботда кўрсатилган қопланиши лозим бўлган харажатларнинг бозор қиймати ҳақида белгиланган тартибда олдиндан хабардор қилиш таъминланади. Мазкур талаб бажарилмаган тақдирда, ушбу ер майдони бўйича танлов ўтказилишига йўл қўйилмайди.
Қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ер участкасида сарфланган харажатлари ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш танлови натижалари асосида олган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан қопланади.
Қишлоқ хўжалиги ташкилоти, талабгор ва туман (шаҳар) ҳокимлиги ўртасида юзага келадиган низо бўйича келишувга эришилмаган тақдирда, ушбу низо суд тартибида кўриб чиқилади.
Иброҳим Музаффаров,
Пайариқ тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси.