Франция: 17 ёшли йигитнинг ўлдирилиши ортидан тартибсизликлар давом этмоқда

Францияда кечаси полициячи томонидан 17 ёшли ўсмирнинг ўлдирилиши оқибатида юз берган тартибсизликлар чоғида қўлга олинганлар сони 421 нафарга етди. Бу ҳақда BFM телеканали ички ишлар вазири Жералд Дарманинга яқин манбага таяниб хабар берди.

Нантерда вазият кескинлигича қолмоқда, тўқнашувлар давом етмоқда.

27 июнь куни 17 ёшли "Mercedes" ҳайдовчисининг полициячи томонидан ўлдирилиши Нантерда тартибсизликларни келтириб чиқарди, кейинчалик улар бошқа коммуналар ва Тулуза, Лион, Марсел, Страсбург, Лилл ва Дижон каби йирик шаҳарларга тарқалган. 29 июнга ўтар кечаси бир неча ўнлаб полиция машиналари, шунингдек комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган.

30 июнга ўтар кечаси Франция ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган ҳолда махсус кучлар патруллик қилмоқда.