Франциядаги намойишларда 200 мингдан ортиқ одам иштирок этди

31 июль, шанба куни 200 мингдан ортиқ одам бутун Франция бўйлаб санитария паспортига қарши акцияларда қатнашди, дея хабар беради BFM TV мамлакат ички ишлар вазирлиги маълумотига таяниб.

Қайд этилишича, бутун Франция бўйлаб намойишларда 204 090 киши, жумладан, Париждаги намойишда тахминан 14 250 киши қатнашган.

Намойишлардан бири Парижнинг 17-округидаги Вилье метро бекатида соат 14:00 да бошланиб, де Бастиля майдонида тугади. У ерда агрессив намойишчилар, жумладан, радикал  Black blocs безорилари полицияга шиша, питард ота бошлади. Бунга жавобан полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва водомётдан фойдаланди.

12 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор янги чеклов чоралари жорий этилишини эълон қилди. Хусусан, у COVID-19 учун вакциналанганлик ва салбий тестни кўрсатадиган санитария паспортларини, хусусан, бар, ресторан, узоқ масофали поезд ва самолётларда қўллаш амалиётини кенгайтирганини билдирди. Шунингдек, Франция раҳбари касалхона, қариялар уйларида ишлайдиганларга мажбурий эмлаш жорий этилганини айтганди. Франция президентининг баёнотидан сўнг тегишли қонун лойиҳаси тайёрланди ва Франция парламенти ўтган якшанба куни уни қабул қилди.

Франция ҳукумати матбуот котиби Габриэл Атталь 28 июль куни санитария паспорти 9 августдан кучга киришини айтди.